Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:30

Ислом Каримов ва Ху Цзинтао уч ёвуз кучга қарши биргаликда курашмоқчи


15 июнь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтаонинг Ўзбекистонга давлат ташрифи бошланди. Шу куни у “Дўрмон” қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан аввал тор доирада, сўнг кенгайтирилган тартибда музокаралар олиб борди.

Ушбу музокаралар сўнггида Ўзбекистон билан Хитой раҳбарлари икки давлат ўртасида шериклик муносабатларини, дўстлик ва ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма декларация имзолади. Шунингдек, нефт ва газ соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик, Тошкентда Конфуций институтини ташкил этиш, икки мамлакат Адлия вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, 2004-2007 йилларда маданий алмашув дастури, икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги меморандум, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши ва уларнинг истеъмол қилинишига қарши курашда ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекилди.

Ҳужжатларни имзолаш маросимидан сўнг Ислом Каримов ва Ху Цзинтао журналистлар учун қисқача брифинг ўтказди.

Ислом Каримовнинг таъкидлашича, ХХР делегациясининг давлат ташрифи Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга. Хитой буюк қўшни, улкан имкониятга эга бўлган ва иқтисоди жадал ривожланаётган давлат сифатида Ўзбекистон учун қизиқиш уйғотади. Жаҳонда тинчлик ва барқарорликни сақлашда дунёнинг етакчи давлатларидан бири бўлмиш Хитойнинг ўрни катта. Шунингдек, Ўзбекистон мамлакатдаги иқтисодий муаммоларни ечишда ХХР томонидан иқтисодий ёрдам ва имтиёзли кредитлар берилаётганини юксак қадрлайди.

Ислом Каримов Хитой билан ҳамкорлик Ўзбекистон иқтисодиётининг юксалишида муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлаб, жумладан, бундай деди:

“Ўзбекистон ҳудудидаги табиий бойликларни, жумладан, нефть, газ ва минерал хомашё ресурслари манбаларини ҳамкорликда излаш ва ўзлаштиришда катта имкониятлар мавжуд”.

Ислом Каримовнинг сўзларига қараганда, ўтказилган музокаралар бир қанча халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда томонларнинг манфаатлари бир-бирига мос келишини кўрсатган.

Ислом Каримов Ўзбекистон Хитойнинг ҳудудий яхлитлик ва бўлинмаслик сиёсатини қўллаб-қувватлашини, расмий Пекиннинг Тайванга нисбатан юритаётган сиёсатини тўла ёқлашини билдирди. У, шунингдек, икки давлатнинг Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган сиёсатининг ўзаро мос эканини ҳам алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон раҳбари халқаро терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши биргаликда курашиш лозимлигига урғу берди.

Икки томонлама музокараларда сиёсий, иқтисодий мазмунга эга бўлган 10 та хужжат имзоланди. Ўзбекистон Президенти икки давлат ўртасида шериклик муносабатларини, дўстлик ва ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларацияга алоҳида эътибор қаратди ва Ўзбекистон томони ўтказилган музокаралар натижасидан тўла қониқишини билдирди. Унинг айтишича, ХХР Раисининг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги қирралари очилишида муҳим тарихий ўрин тутади.

Ху Цзинтао ҳам Ислом Каримов билан жуда самарали музокаралар олиб борганини қайд этди.

“Биз икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, халқаро ва минтақавий масалалар бўйича фикр алмашдик. Бизнинг фикрларимиз ва қарашларимиз бир жойдан чиқди. Дўстлик, ўзаро ҳурмат ва тенглик асосига қурилган хитой-ўзбек ҳамкорлиги халқларимиз эришган умумий бойликдир”, - деди Хитой раҳбари.

Ху Цзинтао минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни сақлашда икки томонлама ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида уч ёвуз куч – терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши курашни кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

ХХР раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи беш кун давом этади. 16 июнь куни Ху Цзинтаонинг Ўзбекистон Олий Мажлиси раиси Эркин Халилов билан учрашиши, Олий Мажлис депутатлари ва Ўзбекистон жамоатчилиги вакиллари ҳузурида сўзга чиқиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG