Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:18

Ғалаба ўзбек халқиники ҳамдир


Бундан 63 йил муқаддам – 1941 йил 22 июнда собиқ Совет Иттифоқи халқлари тарихида оғир саҳифа бўлиб кирган уруш бошланган эди. Германия фашизмига қарши давом этган тўрт йиллик уруш йилларида ўзбекистонликлар ўзи қашшоқ ва оч бўлишига қарамай, сўнгги бурда нонини фронтга жўнатди.

“Озодлик” мухбири ўша оғир йилларни ўз бошидан кечирган кишилар билан суҳбатлашди. Адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновнинг сўзларига қараганда, бу уруш ўзбек халқи учун жуда қимматга тушган. Шунга қарамай, миллионлаб асл фарзандларини қурбон берган ўзбек халқи фожеасини бугун кимлардир тарих саҳифасидан ўчиришга уринмоқда. Масалан, шўро замонида халқ бошдан кечирган, халқ қўли билан яратилган, унинг кучи, қудрати, машаққатли меҳнати билан яратилган нарсалар бугун халқдан ажратиб кўрсатилмоқда. Бу уруш нафақат рус, белорусь ёки украин халқиники, балки ўзбекларники ҳам эди. Балки ўзбеклар сон жиҳатдан камроқ қурбон бергандир, бироқ урушдаги барча фожеаларда, қийинчиликларда, ғалабаларда ўзбекнинг ҳам насибаси бор.

О.Шарафиддиновнинг фикрича, уруш йилларида ўзбек халқининг мисли кўрилмаган, бетакрор, ўзига хос буюклиги намоён бўлди. Ўзбеклар ўзи оч бўлса ҳам юз минглаб етимларни бағрига олди. Ҳатто Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги раҳбари Усмон Юсуповнинг ўзи вокзалга чиқиб, етимлар олиб келинган поездларни кутиб олган. Унинг ўзи ҳам икки етим болани тарбия қилган. Ўзбеклар оиласида 4-5 нафар оч-наҳор боласи бўлишига қарамай, улар ёнига етимларни ҳам қўшиб олган. Шу йўл билан юз минглаб бошқа миллат вакилларининг ҳаётини, келажакка ишончини, улардаги инсонийликни сақлаб қолган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг тарих музейида ўзбекистонликларнинг фронт ортидаги ишлари ҳақида ҳикоя қилувчи экспозиция бор. Унда Ўзбекистон уруш йилларида фронга 5 миллион тоннага яқин пахта, 1 миллион 28 минг тонна ғалла ва жуда кўп миқдорда бошқа маҳсулотлар етказиб бергани таъкидланади.

Уруш фахрийси, ёзувчи Шукруллонинг айтишича, ўзбек халқи фронтга нафақат жонини, балки бутун мол-мулкини берди. Ўзи оч бўлса-да, бир бурда нони, майизи, туршаги - барча-барчасини фронтга жўнатди.

О.Шарафиддиновнинг сўзларига қараганда, ўтмиш тарихимизда қанча қора кунлари, ёруғ кунлар бўлган. Уруш ўзининг даҳшати билан, фожеаси ва буюк ғалабаси билан ўзбекники ҳамдир. Бошқа халқлар бу тақдирга қанча ҳақли бўлса, ўзбеклар ҳам шунчалик ҳақлидир. Ўзбек халқи бу тарихни ўзининг тарихи деб ҳисоблашга ҳаққи бор. Уни бу тарихдан, бу туйғудан маҳрум қилиш керак эмас.
XS
SM
MD
LG