Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:58

Мулк қайта тақсимланадими?


Россиядаги йирик нефть ширкати – "ЮКОС" атрофида бир неча ойдан буён давом этаётган, кейинги кунларда эса авжига чиққан можаро Россияда йирик мулкни қайта тақсимлаш жараёни бошланганидан дарак бераётгандек. Ҳар ҳолда, бир қатор таҳлилчиларнинг фикри шундай.

Россияда қазиб олинаётган нефтнинг 20 фоизи айнан "ЮКОС" ширкатиникидир. Шунинг учун ҳам, бу гигант ширкат дуч келган бўҳроннинг ривожи ва якунидан Россия раҳбарияти иқтисодий сиёсатидаги асосий йўналишларни илғаб олса бўлади.

Куни кеча Франциянинг "Сосьете Женераль" банки етакчилигидаги банклар гуруҳи ўзи берган 1 миллиард долларлик кредит бўйича "ЮКОС"га дефолт эълон қилди.

Москвадаги Иқтисодиёт олий мактаби раҳбари Евгений Ясин Озодлик мухбирига берган суҳбатида бундай деди:"Дефолт – қарз узишни тўхтатиб қўйишдир. Яъни кредиторлардан қарзингиз бор ва сиз дефолт эълон қиласиз. Бу синганингизни, ширкатингиз банкрот бўлганини тан олишингиздир. Ёки кредиторлар дефолт эълон қилади. Бу ҳам қарзнинг қайтарилиши тўхтаб қолгани ёки тўхтаб қолиш хавфи пайдо бўлгани тўғрисидаги сигналдир".



Хўш, нима учун "ЮКОС" ана шундай дефолт ҳолатига келиб қолди?


Бу мавзуга аввалги эшиттиришларимизда ҳам тўхталганмиз ва ўшанда ҳам айтган эдикки, "ЮКОС" 2000 йил учун 100 миллиард доллар ҳажмида солиқ тўламаган, деган айблов билан унинг банк ҳисоблари музлатиб қўйилган. Шунинг учун кўтарган қарзларини қайтариш имконидан маҳрум бўлган. Худди шу фикрни "ЮКОС"нинг матбуот котиби Александр Шадрин Москвада душанба куни яна бир бор билдирди.

"ЮКОС" ширкати Россиядаги гўёки бир кеча-кундузда бойиб кетган ширкатлардан бири холос. Бироқ, шунга қарамай, "ЮКОС"нинг раҳбари Михаил Ходорковский қамоқда ўтирибди, ширкатдан ҳатто кечаги ҳамкорлари – Ғарб банклари ҳам юз ўгираяпти, бошқа "олигарх"ларни эса Президент Путин Кремлда қабул қилаяпти. Бу ҳолатни эса оддий россияликлар тушуна олмаяптилар. "ЮКОС" ширкати билан боғлиқ можароларга бефарқ бўлмаган россияликлардан бири айтган гапларни эшитсак:"Нима, бизни жинни, деб ўйлашаяптими? Шуям иш бўлдими? Хўш, нима, тунов куни Президент билан учрашган олигархлар одаму Ходорковский одам эмасми? Буни қандай тушуниш мумкин? Шуми коррупцияга қарши кураш?"

"ЮКОС"нинг матубот котиби эса кеча журналистлар билан учрашар экан, куйиниб, мана бундай деди:"Ширкат мутлақо сунъий равишда синдирилмоқда, деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун масъулият Солиқлар ва Йиғимлар вазирлиги ҳамда умуман, Россия Федерацияси ҳукумати зиммасидадир".

Москвадаги Иқтисодиёт олий мактаби раҳбари Евгений Ясин мавзу юзасидан Озодликка берган суҳбатида жумладан бундай деди:"Менимча, ҳокимият байрамни бошлайверса ҳам бўлаверади. Афтидан у "ЮКОС"ни ҳолдан тойдиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Тўғрироғи, мулкдорни алмаштиришни мақсад қилиб қўйган. "ЮКОС"нинг нархини янги потенциал мулкдор кўтара оладиган даражага туширишдир ҳокимиятнинг мақсади ва у ўз мақсадига эришаяпти, байрамни бошлайверсаям бўлади".

Иқтисодчи олимнинг гапларида жон йўқ эмаслигини шундан ҳам билса бўладики, "Сосьете Женерал"нинг баёнотидан сўнг "ЮКОС" акциялари нархи бирданига 13 фойизга тушиб кетди.

Бироқ, хабарларга қараганда, 6 июль куни Россия Молия вазири муовини Сергей Шаталов "ЮКОС"нинг солиқдан қарзини тўлаш тартиби қайта кўриб чиқилиши мумкин, деб баёнот берди. Жаноб Шаталов ўзининг шахсий фикрини баён қилаётганлигини билдирган бўлсада, унинг баёнотидан сўнг бир неча дақиқа ичида "ЮКОС" акциялари нархи 22 фоизга кўтарилиб кетди.

Шундан ҳам кўриниб турибдики, "ЮКОС" ширкати юз тутган бўҳрон соф иқтисодий қонуниятларнинг эмас, балки ҳокимиятнинг хоҳиш-иродаси маҳсулидир.

***
XS
SM
MD
LG