Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:38

Ўзбек йигитлари тириклайин ёқилди


Россиянинг “Московский комсомолец” газетаси маълумотларига кўра, Москва вилоятининг Ленин туманида ишлаётган ўзбекистонлик икки йигит ўзлари яшаб турган уйнинг омборхонасида тириклайин ёқиб юборилган.

Газетада ёзилишича, йигитлардан бири 32, иккинчиси эса 34 ёшда бўлган. Улар Россияга иш излаб келган. Ўзбекистонлик гастарбайтерлар (Россияда бошқа давлатдан иш излаб келганлар шундай аталади) Ленин туманидаги Слободо қишлоғида бир кишининг уйини таъмирлаш билан машғул бўлган. Маҳаллий ёш йигитлар гастарбайтерлардан 500 рубль талаб қилган. Бироқ ўзбеклар пул йўқлигини, ҳали иш ҳақини олмаганини айтган. Шундан сўнг кўп ўтмай, 16 ёшдан 22 ёшгача бўлган 7 нафар маҳаллий йигит тунда роса ичкиликбозлик қилган. Маст бўлишгандан сўнг, улардан бирининг эсига гастарбайтерлар тушиб қолган. Пул бермагани учун қасос олиш мақсадида улар ўзбек йигитлари ухлаётган омборхона ёғочларига бўёқ ва тез ёнувчи бошқа суюқликлар сепиб, ёқиб юборган. Ўт ўчирувчилар эрталаб ёниб кул бўлган омборхонадан икки ўзбек йигитларининг жасадини топган.

“Озодлик” мухбири воқеа тафсилотини ўрганиш мақсадида Ленин тумани ички ишлар бўлими билан телефон орқали боғланди. Туман криминал милицияси бошлиғи Виктор Тихониннинг сўзларига қараганда, ўзбекистонлик йигитлар мазкур қишлоқда уй таъмирлаш билан шуғулланган. Улар милицияда рўйхатдан ўтмаган. Қотиллик пул ундириш мақсадида юз берган. Ўртада миллий низо бўлмаган.

В.Тихониннинг таъкидлашича, жиноятчилар тезда қўлга тушган. Айни пайтда бу жиноятни содир этишда гумон қилинган икки киши ҳибсга олинган бўлиб, улар устидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Кузатувчилар фикрича, Россияда ишлайдиган ўзбеклар билан бу каби воқеалар тез-тез содир бўлади. Чунки улар ҳеч қандай ҳуқуқий ҳимояга эга эмас. Улар ўзларига нисбатан бирорта адолатсизилк қилинса ҳам ҳеч қаерга мурожаат қила олмайди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирилиги матбуот котиби Илҳом Зокировнинг билдиришича, ўзбекистонликлар Россияга ўз хоҳиши билан кетади. Чунки икки давлат ўртасида виза тизими жорий этилмаган. Уларни назорат қилишнинг иложи йўқ. Шунинг учун вазирлик фуқароларнинг ноқонуний йўл билан бошқа давлатларга чиқишини маслаҳат бермайди. Чунки уларга ҳеч қандай ҳуқуқий кафолат йўқ.
XS
SM
MD
LG