Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:21

Маҳалла фаоллари айғоқчими?


Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) тарқатган хабарларга қараганда, Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида шу йилнинг март-апрель ойларида содир этилган портлашлардан сўнг Ўзбекистон маҳаллаларида фуқаролар устидан назорат янада кучайтирилган.

IWPR маълумотларига кўра, ҳижобли аёллар ва хорижга бориб қайтганлар қаттиқ текширилмоқда.

“Агар сен хорижга чиқиб келсанг ёки ҳижобда юрсанг, албатта, ўзинг яшаётган маҳалла қўмитасининг назоратига тушган бўласан. Ўзбекистонни ларзага келтирган ҳамда 47 кишининг ҳаётига зомин бўлган портлашлардан сўнг маҳаллалар давлат хавфсизлигининг норасмий органи вазифасини бажаряпти”, - дейилади институт ходимлари тайёрлаган мақолада.

IWPRнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Галима Бухорбоеванинг сўзларига қараганда, ўтган йили “Ҳьюман райтс уотч” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан Ўзбекистондаги маҳалла фаолияти тўғрисида ҳисобот тайёрланган. Ушбу ҳисоботда маҳаллалар тўғридан-тўғри ҳокимликларга бўйсуниши, қарийб Ички ишлар вазирлигининг фуқароларни назорат қиладиган органига айланиб қолгани ҳақида гап боради. Мазкур ҳисобот тарқатилгандан сўнг ҳукумат газеталарида бунга қарши кескин норозилик билдирилган.

Г.Бухорбоеванинг фикрича, аслида ҳисоботда маҳаллалар ҳақида тўғри гаплар айтилган. Буни маҳаллаларнинг баҳордаги портлашлардан кейинги фаолияти яна бир бор тасдиқлайди. Ўша вақтда кўчаларда кишиларни ҳушёрликка даъват этувчи варақалар пайдо бўлди. Бу варақаларда ким ўзини қандай тутаётгани, кимнинг уйига ким келганини назорат қилиш каби юмушлар маҳалланинг зиммасига юклангани билдирилган. Лекин маҳалла қўмиталари ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилишини инкор этади. Аслида эса уларнинг вазифаси маҳаллада кечаётган ҳар бир жараён борасида ички ишлар ходимларига хабар беришдан иборат.

Мақолада таъкидланишича, Бухородаги Вазира Исмоилова раҳбарлик қиладиган маҳаллада 2,5 минг аҳоли истиқомат қилади. Портлашлардан сўнг бу ерда яшайдиган фуқароларнинг 10 фоизи ишончсизлар рўйхатига киритилган. В.Исмоилованинг IWPR мухбирига айтишича, бу рўйхат профилакатика инспектори билан ҳамкорликда тузилган. Ишончсизларнинг исм-фамилиялари “хавфли шахслар” номли алоҳида рўйхатга қўшиб қўйилган. Ҳижобли аёллар ҳам рўйхатга олиниб, улар ўртасида профилактика ишлари олиб борилмоқда.

Г.Бухорбоеванинг билдиришича, ҳижобли аёллар портлашлардан кейин эмас, анча илгари назоратга олинган.

“Мен ҳам маҳаллада яшайман. Бундан бир неча йил олдин маҳалла хотин-қизлар кенгашига маҳалладаги ҳижобли аёлларни рўйхатга олиш топширилган эди. Мен буни яхши биламан. Чунки онам хотин-кизлар кенгаши аъзоси эди”, - дейди Г.Бухорбоева.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг сўзларига қараганда, 1999 йилда Тошкентдаги портлашлардан сўнг маҳалла қўмиталари ва у ерда ишлайдиган посбонлар фаолияти кучайтирилган. Ҳозир одамлар ҳамма нарсадан хавотирланадиган, бир-бирига хавфсираб қарайдиган бўлиб қолган.

“Озодлик” мухбири IWPR мухбири ёзган мақоладаги фикрларга муносабат сўраб Ўзбекистон Вазирлар Маҳамаси ҳузуридаги диний ишлар қўмитаси раиси Шоазим Миноваровга мурожаат қилди. Ш.Миноваровнинг таъкидлашича, мақолада келтирилган даъволар ҳақиқатдан йироқ. Чунки мамлакатда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунлар амал қиляпти. Баҳорда содир этилган террорчилик ҳаракатларининг эса динга умуман алоқаси йўқ.

Ш.Миноваров маҳалла фаоллари милицияга хизмат қиляпти, деган даъвога муносабат билдириб, бундай деди:

“Одамларнинг аҳволидан хабардор бўлиб туришни айғоқчилик деб баҳолаш керак эмас. Маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишловчи тузилма бор. Президент фармонидан сўнг мазкур органни кишиларнинг яқин кўмакчиси бўла оладиган жамоат ташкилотига айлантириш учун ишлар давом этмоқда. Президент фармони асосида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорида мазкур ташкилотларга хотин-қизлар орасида диний маърифатни ёйиш вазифаси ҳам юклатилган. Шунинг ўзи диний аёлларнинг қадриятларни сақлашига монеълик қилиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини кўрсатиб турибди” .

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда 10 мингга яқин маҳалла бор. Уларнинг раислари, котиблари, штатдаги посбонлари бюджет ҳисобидан маош олади. Посбонлар милициянинг жамоатчи ёрдамчилари ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG