Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:15

Айб яна “Ҳизб ут-таҳрир”га юкланди


9 август куни 30 июлда Тошкент шаҳрида содир этилган портлашлар юзасидан Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифинг чоғида журналистлар 30 июль кунги портлашлар юзасидан текширув олиб бораётган прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимларидан иборат тергов гуруҳи томонидан аниқланган айрим маълумотлар билан таништирилди.

Р.Қодиров АҚШ ва Исроил элчихоналари олдида, Бош прокуратуранинг кириш қисмида ўзини ўзи портлаб юборган уч террорчидан иккитасининг шахси ва улар ҳақидаги маълумотлар аниқлангани, бироқ тергов манфаатларидан келиб чиқиб, бу маълумотлар ҳозирча ошкор этилмаслигини билдирди.

Бош прокурорнинг сўзларига қараганда, тергов жараёнида қўлга киритилган, инкор қилиб бўлмайдиган маълумотларга асосланиб айтиш мумкинки, бу портлашлар ортида халқаро радикал-экстремистик уюшмалар, шу жумладан, “Ҳизб ут-таҳрир” оқими турибди. Жорий йилнинг баҳорида ва 30 июль куни содир этилган портлашларда алоқадор барча террорчилар айнан шу ташкилот аъзоси бўлганини жиноят иши ҳужжатлари ва жиноятчиларнинг судда берган кўрсатмалари тасдиқламоқда.

Р.Қодировнинг таъкидлашича, баҳорда ва 30 июль куни портлаш содир этган жиноий уюшманинг барча ташкилотчилари, далолатчилари ва бошқа иштирокчиларни аниқлаш ҳамда жиноий жавобгарликка тортиш борасида тезкор тергов чоралари кўрилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб 30 июлдаги портлашларда жароҳат олган 7 кишидан 4 нафари тузалиб, шифохонадан чиққан. Қолган уч киши ҳам тезда тузалиб, шифохонадан чиқиши кутиляпти.

Эслатиб ўтамиз, ушбу портлашларда террорчилардан ташқари 4 киши қурбон бўлган эди.
XS
SM
MD
LG