Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:48

Осиёга чигирткалар хавф солмоқда


Мутахассисларнинг маълум қилишларича, Ироқ, Эрон ва Афғонистонга Африкадан келаётган чигирткалар босқини хавф солмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Африканинг Сахел минтақасида чигирткалар сони мисли кўрилмаган даражада кўп тарқалган ва экинларни пайхон қилишда давом этмоқда. Ушбу зараркунандалар оқимини тўхтатиш эса бесамар бўлмоқда.

Африкада чигирткаларнинг бундай оқими сўнгги марта бундан 15 йил олдин кузатилган. Ўшанда минтақани зараркунанда чигирткалар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун 3 миллион долларлик маблағ зарур бўлганини эслашади экспертлар. Бу йил эса тинимсиз ёғингарчиликлар Африканинг Сахел минтақасида чигирткалар сонининг кўпайишига сабаб бўлди.
Мана бир неча хафтадирки, улар ушбу минтақада қишлоқ хўжалиги экинзорларини пайхон қилишда давом этмоқда. Ҳар бир квадрат километр худудга 80 миллион чигиртка тўғри келаётгани, шу пайтгача бу зараркунандалар 6 ярим миллион гектар экинзорни пайхон қилгани ва улар шарқ томон ҳаракатланаётгани ҳақида маълумотлар бор.
БМТнинг Озиқ-овқат ва Қишлоқ хўжалиги ташкилоти мутахассиси Клайв Эллиот бу ҳақда шундай деди:
"Чигирткалар яқин орада Суданга келиши кутилаётир. Бас шундай экан, бу зараркунандалар Қизил денгиз қирғоқлари, Араб ярим ороли ва кейинчалик жануби-ғарбий Осиёга тарқалиши хавфи бор. Албатта, бу чигирткалар ҳаракатини тўхтатиш борасида олиб бораётган ишларимизнинг қанчалик самарали бўлишига боғлиқ. Аммо, бу ишлар вақт талаб этади", - дейди Клайв Эллот.
Чигирткалар хуружи Эрон, қисман Ироқ, Покистонга, Ҳиндистон ва жанубий Афғонистонга ҳам хавф солмоқда. Мутахассислар бу зараркунандалардан пестицидлар ёрдамида қутилиш мумкинлигини айтишади. Аммо, БМТ ходими Клайв Эллиот фикрича, пестицидлар атроф-мухитга зарар етказиши мумкин.
"Албатта чигирткаларга пестицидларнинг маълум тури ёрдамида таъсир қилиш мумкин. Пестицидлар фойдали ҳашоратларни ҳам ўлдиради. Шу боис биз эхтиёткорлик билан ёндашаяпмиз", - дейди Эллиот.
Чигирткалар тарқалишининг олдини олиш ишлари халқаро ташкилотларнинг техникавий ёрдамларини ҳам тақозо этмоқда. Шу боис БМТнинг Озиқ-овқат ва Қишлоқ хўжалиги ташкилоти Африканинг чигирткалардан зарар кўрган давлатларига умумий нархи 9 миллион долларга тенг ускуналар ва кимёвий воситалар, химикатлар сепадиган учқичлар етказиб беришни кўзламоқда. БМТ ходими Тами бен Халима бундай техника воситаларига эхтиёж нихоятда катта эканини айтади.
"Бу ишларда ҳаво воситаларига айниқса эхтиёж катта. Яъни химикатлар сепувчи учқич ва вертолётлар назарда тутиляпти. Шунингдек, бизга ерда олиб бориладиган ишлар учун зарурий анжомлар, янада кўпроқ пестицидлар, ҳимоя воситалар керак", - деди Тами бен Халима.
Кузатувчиларга кўра, Африка ғарбидаги чигирткалар оқимини тўхтатиш учун бошқа давлатлар ёрдами зарур. Аммо, қашшоқ қитъанинг қашшоқ мамлакатларига ҳозирча саноқли давлатлар ёрдам бериш ниятини билдирган.
XS
SM
MD
LG