Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:11

Яна икки кишининг бошига бахт қуши қўнди


Куни кеча Ўзбекистон Президенти девонида оммавий ахборот масалалари бўйича янги бош консультант тайинланди. Бу лавозимга узоқ йиллар “Тошкент ҳақиқати” ва “Ташкентская правда” газеталарини бошқарган Фатҳиддин Муҳиддинов лойиқ кўрилди.

Бундан деярли бир ой муқаддам Ўзбекистон Президентининг маданият, ижодий ташкилотлар ишлари ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича Давлат маслаҳатчиси ўринбосари Аҳмаджон Мелибоев ишдан олиниб, аввалги лавозими – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррирлигига тайинланган эди. Унинг ўрнини ким эгаллаши, ваколатлари кимга берилиши эса шу вақтгача номаълумлигича қолаётганди. Ниҳоят, кутилмаганда бахт қуши Ф.Муҳиддинов бошига қўнди. “Бахт қуши қўнди” дейилишига сабаб бор, албатта. Чунки мамлакатдаги бутун оммавий ахборот воситаларига ўз сўзини ўтказадиган бундай мансабга эришиш катта бахт ҳисобланади. Зеро, бу мансаб, оддий журналистларнинг эътирофича, катта-катта имтиёзларга, обрў ва нуфузга йўл очади.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Шерзод Ғуломовнинг сўзларига қараганда, Ф.Муҳиддинов 1984 йилда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини битирган. Ҳали ўқишга кирмасиданоқ, меҳнат фаолиятини “Тошкент ҳақиқати” газетаси корректорлигидан бошлаган. У 26 йил давомида фақат шу газетада ишлаган ва бош муҳаррирликкача бўлган йўлни босиб ўтган.

Ўзбек журналистларининг айтишича, улар Ф.Муҳиддиновнинг Президент девонида шундай лавозимга тайинланиши кутмаган. Уларнинг назарида бу лавозимга марказий нашрлар бош муҳаррирларидан бири ўтиши кутилаётган эди.

Маҳаллий журналист Абдураҳмон Ташановнинг таъкидлашича, Ф.Муҳиддинов шов-шувли, эътиборга тушадиган мақолалари билан танилмаган. Ҳамкасблар уни ўртамиёна журналист сифатида билади.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг фикрича, Президент девонидаги бу янгиланишлар ОАВ эркинлиги ва демократлашуви учун қанчалик ишончли замин яратишини вақт кўрсатади. Ф.Муҳиддинов кўпроқ яхши инсон сифатида танилган. Бироқ унинг журналистик фаолияти вилоят нашри доирасидан четга чиқмаган. Мамлакат миқёсидаги газеталарга раҳбарлик қилмаган. У яхши ижрочи сифатида юқори мансабдорларнинг фикрини тезда уқиб олади.

Илгари “Ёшлар” телеканалида фаолият кўрсатган журналист Хайрулла Нуриддинов бир муддат Президент девонида ишлагандан сўнг яна телеканалнинг “Давр” ахборот дастурида қайтиб келди. Айни шу дастур раҳбари Фурқат Зокиров эса Ф.Муҳиддинов билан бир вақтда Президент девони етакчи консультантлигига тайинланди.

А.Аннаевнинг билдиришича, Ф.Зокировнинг девонга ўтиши бир томондан кишида умид учқунларини уйғотади. Чунки у янги куч, янгиланишларни тезда илғаб оладиган журналист сифатида девонга керак бўлиб қолгандир. Зеро, Ф.Зокиров “Давр” дастурини бошқарган вақтда дастур анча-мунча замонавийроқ тус ола бошлаганди.
XS
SM
MD
LG