Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:59

Милошевич суд мажлисида чиқиш қилди


Собиқ Югославия Президенти Слободан Милошевич устидан Хаага шаҳридаги Халқаро трибуналда давом этаётган маҳкама жараёнида сешанба, 31 август куни янги босқич бошланди ва шу куни ниҳоясига етди: Милошевич анчадан буён кутилаётган нутқи билан чиқиш қилди.

Cобиқ Югославиянинг собиқ Президенти Слободан Милошевич устидан судлов бошланганига анча бўлди. Суд бошланганидан буён ўтган қарийб бир ярим йил давомида айблов хулосаси эшитилди, айблов томонининг 290 нафардан зиёд гувоҳи кўрсатмалари тингланди.

Адвокат хизматидан воз кечиб, ўзини ўзи ҳимоялашга бел боғлаган Слободан Милошевичнинг чиқиши эса, унинг саломатлиги ёмонлашгани боис бир неча бор қолдирилган эди. Ва ниҳоят, 31 август куни Милошевич ўз ҳимоясига бағишланган чиқишини қилди.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Болқонда – собиқ Югославияда қонли воқеалар бўлиб ўтганидан тингловчимизнинг яхши хабари бор. Мамлакатнинг собиқ президенти 1991-йилдан 95-йилгача Хорватияда бўлиб ўтган урушда, 1992-йилдан 95-йилгача Боснияда давом этган фуқаролар урушида ва 98, 99-йиллари Косовода бўлган урушда инсониятга қарши жиноятлар ҳамда ҳарбий жиноятлар содир этганликда айбланмоқда. Унга нисбатан ҳаммаси бўлиб 66 ҳолат бўйича айблов эълон қилинган. Биргина Боснияда бўлиб ўтган уруш ҳаракатлари давомида қарийб 200 минг киши қурбон бўлган эди ва Милошевич ўша пайтда аҳолини геноцид қилишда айбланаётир.

Адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқидан воз кечиб, ўзини ўзи ҳимоя қилишга аҳд қилган Милошевич, маҳкама мажлисида қилган чиқиши чоғида Югославияда бўлиб ўтган қонли уруш учун айбни халқаро ҳамжамият зиммасига юклади. У жумладан бундай деди:

"Менга қарши айблов қонундан ўз манфаатлари учун фойдаланиш, одоб-аҳлоқни топташ, тарихни масъулиятсизларча бузиш асосига қурилгандир. Югославиядаги фожиали воқеаларнинг асл айбдорлари жавобгарликдан қутулиб қолиши учун воқеа-ҳодисалар бузиб кўрсатилган".

Суд Слободан Милошевичнинг ўзини ҳимоялаши учун ажратилган 4 соатга яна бир кун қўшиб бериш тўғрисидаги талабини қондирмади. Суд ўз жавобини маҳкама жараёни кечикиб кетаётгани билан изоҳлади.

Асл касби юристлик бўлган Милошевич ҳалиям адвокат хизматидан бош тортаяпти. Терговчилар эса, кейинги пайтларда мажбуран бўлсада унга адвокат тайинлашга чақираяпти. Хаага трибунали матбуот котиби Жим Ландал сешанба куни журналистлар билан учрашув чоғида билдиришича, суд эндиликда айбланувчи ҳуқуқлари билан одил судлов манфаатларини мувозанатга солиши лозим.

"Судялар судлов жараёнини келажакда давом эттиришдаги кейинги қадамлар учун нима иш қилиш лозимлиги тўғрисида бир қарорга келиши керак. Жаноб Милошевичга қандайдир шаклда адвокат тайинлаш керакми ёки унинг ўзини ўзи ҳимоя қилавергани дурустми – шуни ҳал қилишлари даркор. Демак, судялар айбланувчи ҳуқуқлари билан одил судлов манфаатлари ўртасидаги мувозанат масаласини кўриб чиқади", - деди Хаага трибунали матбуот котиби.

Трибунал Милошевични айбдор, деб топса, собиқ президент умрбод қамоқ жазосига кесилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG