Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:03

Бесланда ўзбеклар бормиди?


Россия оммавий ахборот воситалари Беслан шаҳрида террорчилик ҳаракатини амалга оширган жангарилар орасида чечен, араб, корейс, қозоқ миллатига мансуб шахслар қатори ўзбеклар ҳам борлиги ҳақида маълумот тарқатмоқда.

“Московский комсомолец” газетаси Россия Бош прокурорининг Жанубий округ бўйича ўринбосари Сергей Фридинский сўзларига таяниб ёзишича, Бесландаги хунрезликда иштирок этган 32 жангарининг 31 нафари ўлдирилган. Тириклайин қўлга олинган Нурпошша Кулаев жангарилар гуруҳи чеченлар, ўзбеклар, араблардан таркиб топганини маълум қилган.

“Русский курьер” газетасида эса террорчилар орасида ўн нафар хорижлик, жумладан, араб, корейс ва қозоқ миллатига мансуб шахслар борлиги ҳақида гапирилади.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги террорчилар орасида ўз мамлакат фуқаролари борлиги ҳақидаги маълумотни инкор этди. Вазирлик Россия ОАВнинг бундай ёлғон ахборотлар тарқатаётганига норозилик изҳор этди.

Қозоғистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳам жангарилар орасида ўз мамлакати фуқаролари борлигини инкор этиб, Россия Бош прокуратурасига нота жўнатди.

“Ислом.ру” сайтида тарқатилган хабарларга кўра, Фаластин ва Араб давлатлари лигаси элчилари террорчилар орасида араблар борлиги ҳақида ахборотга эга эмаслигини билдирган. Араб давлатлари лигаси элчиси Саид ал-Барамий бу ҳақдаги маълумотлар ҳозирча тасдиқланмаганини маълум қилган.

8 сентябрь куни эрталаб “1-канал” телекомпаниясининг “Новости” ахборот дастурида қўлга олинган жангари Н.Кулаев жиноий тўдада ўзбеклар ҳам борлиги ҳақида гапирди.

“Озодлик” мухбири ушбу маълумотнинг ҳақиқатга қанчалик яқинлигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси билан боғланди. Элчихонанинг матбуот хизмати вакиласи Зуҳра Тоировна бошлиқларининг рухсатисиз ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини билдирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Илҳом Зокиров ҳам бу ҳақда бирорта расмий маълумот йўқлигини маълум қилди.

Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда баҳорда ва ёзда содир этилган портлашлар Бесландаги фожеада ҳам ўзбеклар иштирок этган, деган тахминларни келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Мабодо бу тахминлар ўз исботини топса, айни пайтда Россияда ишлаётган юз минглаб ўзбекларнинг аҳволи янада оғирлашади. Чунки ҳар бир россиялик уларни террорчи, дея қўлини бигиз қилиб кўрсатади. Мана шундай нохуш вазият юзага келмаслиги учун Ўзбекистон ҳам Россиядан террорчилар ҳақидаги маълумот юзасидан тушунтириш беришни талаб қилиши лозим.
XS
SM
MD
LG