Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:00

Россия хатарли мамлакатга айланмоқда


Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳрида юз берган фожеа Марказий Осиё давлатларидан Россияга бориб ишлаётган миллионлаб мардикор ёки бошқача айтганда, гастарбайтерларнинг фаолиятига ҳам бевосита таъсир этди.

Беслан фожеасидан сўнг Москва шаҳри думасининг баъзи депутатлари пойтахтда паспорт тизимини кучайтиришга даъват эта бошлади. Улар Москвага киришни чеклаш, қайддан ўтказиш ишларини жиддий йўлга қўйишни талаб этяпти.

Москва шаҳри думаси депутати Юрий Попов яқинда “Россия” телеканалига берган интервьюсида бундай тартиб-қоидаларнинг амалга киритилиши содир этилиши мумкин бўлган террорчилик ҳаракатларининг олдини олишини маълум қилди.

Ҳозирча, Ю.Поповнинг бу ғояси кўпчилик депутатлар томонидан қўллаб-қувватлангани йўқ. Шаҳар думаси бу ғояни қўлласа ҳам уни амалга киритишни Давлат думаси ҳал қилади.

Бесландаги террорчилик хуружидан сўнг Россия шаҳарларида паспорт текшируви кучайтирилганидан ўзбек гастарбайтерлари ҳам азият чекмоқда.

“Озодлик” мухбири Москвадаги ўзбек гастарбайтерларининг аҳволини ўрганишга ҳаракат қилди. Раҳмон исмли йигитнинг телефон орқали маълум қилишича, айни пайтда Москвада паспорт тизими ва милиция ходимлари ҳар бир кишининг ҳужжатларини текшириб чиқмоқда.

Раҳмоннинг айтишича, Москвада Марказий Осиё давлатларидан келган мигрантларни ҳамма ҳам ёқтиравермайди. Айниқса, рус ёшлари орасида миллатчилик кайфияти кучаймоқда. Ўзбек гастарбайтерларига маҳаллий ишчилар маошларининг тенг ярми миқдорида ойлик тўланади.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакиласи Светлана Ганушкинанинг таъкидлашича, ҳозирги кунгача Москвага иш излаб келганларни қайддан ўтказиш, қайддан ўтмаганларни шаҳардан чиқариб юбориш ҳақида учта қонун қабул қилинган. Лекин уларнинг ҳаммаси суд томонидан бекор қилинган. Чунки улар Россия қонунчилигига зид эди. Бироқ бугунги шароитда бундай қонун яна қабул қилиниши эҳтимоли юқори. Зеро, айни пайтда Давлат думани юқоридан туриб бошқарилади.

С.Ганушкинанинг сўзларига қараганда, Марказий Осиёдан келганларнинг Москвада ишлашига рухсат йўқ. Лекин иш берувчилар уларни ноқонуний равишда қулдай ишлатади ва арзимаган маош беради. Бунинг устига, иш берувчилар ва милиционерлар ўзаро ҳамтовоқдирлар. Агар ишчи ойлик олса, қаердандан милиционер пайдо бўлади ва пулини тортиб олади.

С.Ганушкинанинг эътирофича, бугунги кунда гастарбайтерларнинг аҳволи жуда ёмон. Уларга нисбатан жуда кўплаб жиноятлар содир этилмоқда. Лекин маҳаллий ҳокимият вакиллари бу жиноятларга қарши кураш олиб бормаётир. Беслан воқеаси уларнинг шароитини янада оғирлаштирган. Тез орада Россияга келиш жуда хатарли бўлиб қолади.
XS
SM
MD
LG