Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:30

Суд тугади ва навбатдагиси бошланди


3 ноябрь куни Қашқадарё вилояти жиноят ишлари судида ноқонуний диний оқимларга аъзоликда айланган бир гуруҳ кишилар устидан ўтказилган суд жараёни ниҳоясига етди.

Қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Тўлқин Қораевнинг сўзларига қараганда, вилоят жиноят ишлари суди Шаҳрисабз туманилик 16 киши устидан ҳукм ўқиган. Судланувчиларга 11 йилдан 15 йилгача муддатга қамоқ жазоси тайинланган.

Т.Қораевнинг билдиришича, бу суд жараёни 6 сентябрь куни бошланган эди. Судланувчиларга конституциявий тузумга тажовуз қилиш, терроризм каби айблар қўйилган. Айбланувчилар уйларидан топилган иккитадан варақа судда далилий ашё сифатида келтирилган. Қўйилган айблар судда исботини топмаган. Тергов вақтида улардан қийноқлар остида кўрсатмалар олинган. Бироқ суд бу ҳолатга эътибор қаратмаган.

3 ноябрь куни Тошкент шаҳри Собир Раҳимов тумани жиноят ишлари судида 1979 йилда Фарғона вилоятида туғилган Абдувоҳид Абдураҳмонов устидан суд жараёни бошланди. Унга ҳам конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ноқонуний диний оқимларга аъзо бўлиш каби айблар қўйилган.

Қўйилган айблардан бири эътиборни топтади. Яъни судланувчи А.Абдураҳмонов Обид Назаров (Обидхон қори) ва Руҳиддин Фахриддинов раҳбарлигидаги жиноий гуруҳ таркибида 1997 йилдан бошлаб хорижий радиостанцияларда эфирга узатилган, диний экстремизм, айирмачилик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни аудио кассеталарга ёзиб олиб, уларни қайта таҳрир қилган ва 8-10 саҳифалик хабарномалар шаклида аҳоли ўртасида тарқатган.

4 ноябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисига гувоҳ сифатида чақирилган Раҳима Аҳмадалиева, судланувчининг отаси Абдураҳим Абдуваҳобов бу айбловларни рад этди.

А.Абдуваҳобовнинг таъкидлашича, ўғли тергов чоғида қаттиқ калтакланган. Шунга қарамай, фарзанди ўзига қўйилган айбларни тан олмаётир.
XS
SM
MD
LG