Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:29

Украина яна сайлов олдида турибди


Жорий ҳафта сайловлар ҳафтаси бўлди. Сўнгги дам олиш куни украиналиклар ўз президентини сайлаб олишга ҳаракат қилди. Сешанба куни эса, америкаликлар президент сайлади.

АҚШ президентлигига сайловнинг шовқини остида Украинада ўтказилган сайлов садолари бироз эшитилмай ҳам қолди. Бироқ, АҚШдан фарқли ўлароқ Украина сайлови ниҳоясига етмади ва бу мавзу олдимиздаги 3 ҳафта давомида ҳам матбуотнинг диққат марказида бўлади. Чунки Украина президентлигига сайловнинг иккинчи босқичи 21 ноябрда ўтказилади.

Европа лидерлари танқиди

5 ноябр, жума куни Брюсселда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар саммити бўлиб ўтди. Учрашувда бошқа масалалар қаторида Украина сайлови масаласига ҳам эътибор қаратилди. Европа мамлакатлари етакчилари сайловнинг биринчи босқичида йўл қўйилган қатор камчиликлар учун Украина расмийларини қаттиқ танқид қилиб, уларни 21 ноябрга режалаштирилган иккинчи босқичнинг эркин ва адолатли ўтказилишини таъминлашга чақирди.

Якуний натижалар нега эълон қилинмаяпти?

Сайловда берилган овозларнинг 98%и санаб чиқилгани, ўша овозларнинг қарийб 40%ини Бош вазир Виктор Янукович, қарийб 40%ини мухолифат етакчиси Виктор Юшченколар олгани эълон қилинганидан бери саналмай қолган 2% фоиз атрофидаги овоз тўғрисида маълумот эълон қилинмади.

Мухолифат вакили Олег Рибачикнинг фикрича, Марказий сайлов комиссиясининг якуний натижаларни эълон қилишига президент маъмурияти йўл бермаяпти.

Бироқ Комиссия раиси Сергий Киваловнинг таъкидлашича, бу масалада унга ҳеч ким босим қилаётгани йўқ.

"Ҳеч ким менга босим қилаётгани йўқ. Менга босим қилишдан ҳеч қандай фойда чиқмайди. Мен ҳар бир ишни жорий қонунлар доирасида амалга ошираман, мутлақо қонуний иш кўраман," - деди ишонч билан Марказий сайлов комиссияси раиси.

Унинг тушунтиришича, баъзи сайлов участкаларидан сайлов баённомалари етиб келмаган, чунки мазкур участкалардаги натижалар юзасидан судловлар бошланган. Суд қарори чиқмай туриб эса, натижаларни эълон қилишнинг иложи йўқ.

Киваловнинг айтишича, баъзи сайлов округларида овоз бериш натижалари умуман бекор қилиниши мумкин. Республика бўйлаб қарийб 50та сайлов округидан сайлов баённомалари олинмаган ёки олинган бўлса ҳам рисоладагидай расмийлаштирилмаган. Марказий сайлов комиссияси раиси сайлов биринчи босқичи якуний натижалари шу кунгача ҳам эълон қилинмагани сабабини шундай изоҳлади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши, АҚШ ҳамда Канадалик кузатувчилар сайловолди кампаниясининг ташкил қилиниши ҳам, овоз бериш жараёнининг ташкил қилинишини ҳам танқид қилиб чиқди. Мана бугун ўша танқидларга Европа мамлакатлари етакчилари ҳам қўшилди.

Президентликка номзодларнинг
бу масаладаги фикри

Ҳар иккала номзод ҳам норози. Юшченко фикрича, агар сайлов натижалари адолатли ҳисоблаб чиқилганида эди, у биринчи босқичдаёқ 50%дан кўпроқ овоз олгани маълум бўлган бўлур эди.

Янукович эса, мамлакатнинг ғарбида, яъни Юшченко кўпроқ овоз олган минтақаларда сайлов комиссияси аъзоларига пора берилган, деган даъволарни қилаяпти.

Сайловнинг иккинчи босқичида омад кимга кулиб боқиши мумкин?

Бу масалани биринчи босқичда 6% овоз олган Социалистик партия, 5% овозга эга бўлган Коммунистик партия ҳамда 1 ярим % овоз олган Прогрессив социалистик партиянинг электорати ҳал қилади.

Социалистик партия лидери Александр Морознинг мана бу гапига қараганда, у ўз сайловчиларини ким учун овоз беришга даъват қилажаги аниқ бўлиб қолганга ўхшайди.

"Менимча, бизнинг таклифларимизнинг қарийб 95%и Виктор Андреевич Юшченконинг позициясига мос келади. У бизнинг таклифларимизга ижобий жавоб беради, деб умид қиламан", - деди Александр Мороз.
XS
SM
MD
LG