Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:03

Хоразмликлар сайловга қизиқиш билдирмаётир


Кузатувларга қараганда, Хоразм вилояти аҳолисининг аксарият қисми бўлажак парламент сайловига ишончсизлик билан қарамоқда. Шунингдек, вилоят аҳли орасида сайловга бефарқликни ҳам кузатиш мумкин.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган хоразмликларнинг кўпчилиги сайлов ҳақида тўлиқ тасаввурга эга эмаслиги билинди.

“Биз кимни сайлашни ҳам билмаймиз. Барибир юқоридан кўрсатилган киши депутат бўлади, кимни сайлаш сайловчининг ихтиёрида эмас. Халқ бу сайловлардан ҳеч қандай натижа йўқлигини тушуниб қолди”, - деди суҳбатдошлар.

Маҳаллий кузатувчиларнинг таъкидлашича, аҳолининг кўпчилиги сайловга ишончсизлик билдирмокда. Ишонсизлик эса одамларда бепарволик кайфиятини уйғотган. Қолаверса, аҳолининг ижтимоий муаммолар исканжасида яшаётган қисми сайлов билан умуман қизиқмаётир.

Урганч тумани маънавият маркази бошлиғи Қодир Матжоновнинг сўзларига қараганда, агар аҳоли ўртасида сайлов бўйича тушунтириш ишлари кучайтирилмаса, бу йилги сайлов ҳам аввалгиларидан фарқ қилмайди.

Айни кунларда вилоятдаги сиёсий партиялар номзод танлаш билан овора. Улар номзодларининг исми-шарифини сир сақлашни афзал билмоқда. Номзодларнинг шахси сир сақланиши рақобатдаги партиялар билан курашда қўл келиши мумкинлиги билан изоҳланаётир.

Халқ демократик партияси Хоразм вилояти кенгаши биринчи котиби Раимберган Собировнинг айтишича, номзоди кўрсатилиши мумкин бўлган мингга яқин партия аъзоси ва партиясиз фуқаролар ўрганиб чиқилган. Улар орасидан танлаб олинган 397 кишининг номзодини рўйхатдан ўтказиш ишлари олиб борилган.

Маълум бўлишича, мухолифатдаги партиялар томонидан вилоятда ташаббус гуруҳлари тузилмаган. “Эрк” партиясининг вилоят бўлими котиби Аминбой Қодиров мухолифатдаги партияларга ишлашга йўл берилмаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG