Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:58

Либераллар бошқа партиялар 13 йилда эплолмаган ишни қилмоқчи


Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Муҳаммаджон Аҳмаджонов “Озодлик” мухбири саволларига жавоб қайтарди.

Мухбир: Ўзбекистонда либерал демократик партия ташкил этилиши учун қандай тарихий ёки ҳаётий зарурат бор эди?

М.Аҳмаджонов: Партиямиз ташкил этилишининг нафақат тарихий, балки иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий заруратлари бор эди. Мустақиллик шарофати билан жамиятимизда тадбиркорлар ва ишбилармонлар қатлами пайдо бўлди. Бу қатлам олдида ўзига яраша муаммолар, тўсиқлар бўлгани боис иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий шароит партиямиз вужудга келишига сабаб бўлди.

Мухбир: Ўзбекистондаги бошқа сиёсий партиялар бу вазифаларни уддалай олмаяптими?

М.Аҳмаджонов: Бошқа партиялар бу масалаларни ҳал қилганда эди бизнинг партиямиз вужудга келишига зарурат бўлмасди. Бошқа партияларнинг ҳам ўз ғоялари бор. Биз бунга ҳурмат билан қараймиз. Лекин биз уларнинг тактик йўлларини қўллаб-қувватламаймиз. Ўтган даврда уларда бу муаммоларни ечишга имкон бор эди. Халқ демократик партияси 13 йидан буён фаолият кўрсатади. Биздан аввалги энг ёш партия ҳам беш йилдан буён ишлайди. Ўтган йиллар давомида бу партиялар халқимизнинг оғирини енгил, тадбиркорларимизнинг ишини юриштирадиган бирор иш қила олмади, деб айтишим мумкин.

Мухбир: ЎзЛДП ҳокимият учун кураш олиб борадими? Агар партия қуйи палатада энг кўп ўрин эгалласа, дастлаб қайси муаммони ҳал қилишга эътибор қаратилади?

М.Аҳмаджонов: Албатта, ҳар қандай сиёсий партия сиёсий кураш учун тузилади. Сиёсий курашни биз ҳокимият ва халқ онги учун кураш, деб тушунамиз. Шунинг учун биз сайловда имкон қадар кўп овоз олишга ҳаракат қиляпмиз. Агар биз парламентда кўп ўринни эгалласак, авваламбор тадбиркорларга шарт-шароитларни яхшилаш, улар олдида турган муаммоларни ечишга қаратилган қонунлар чиқаришга уринамиз. Қолаверса, партия парламентда назорат функциясини ривожлантириш тарафдоридир. Чунки бошқа партиялар Олий Мажлисда фракцияга эга бўлгани ҳолда ўтган беш йил давомида бирор қонунни таклиф билан киритгани йўқ, парламентнинг ваколатидан фойдаланиб бирорта қонунни назорат қила олмади.

Мухбир: Кузатувчилар ЎзЛДП шахсан Президентнинг кўрсатмаси билан ташкил этилгани, шу боис Президент партияси сифатида ҳукуматнинг манфаатларини ифодалашини таъкидламоқда. Сизнинг бу фикрларга муносабатингиз қандай?

М.Аҳмаджонов: Бу нотўғри қарашлар. Авваламбор, Президент партиянинг таъсис съездида иштирок этмаган. Ташаббускор гуруҳ иш бошлаганда Президент тадбиркорлар ва ишбирмонларга ҳурмат нуқтаи назаридан гуруҳ аъзолари билан учрашган. ЎзЛДП ҳукумат партияси деган гаплар кўча гапларидир. Агар биз сайловда ғалаба қозониб, ҳукуматни тузсак ва унга ўз аъзоларимизни киритсак, ўшандагина ҳукумат партияси бўламиз.

Мухбир: Бир-икки йилдан буён тадбиркорлар ва ҳукумат чиқарган айрим қарорлар ўртасида зиддиятлар бор. Бунинг оқибатида бир қанча норозиликлар келиб чиқмоқда. Масалан, яқинда Қўқонда тадбиркорларнинг бир неча минг кишилик норозилик чиқиши бўлиб ўтди. ЎзЛДП тадбиркорларнинг манфаатларини қандай ҳимоя қилган бўларди?

М.Аҳмаджонов: Албатта, ҳукумат ва ҳокимликлар қарорларига нисбатан ўзимизга яраша қарашларимиз бор. Биз сайловда ютсак, қонунларни ва қонун ости ҳужжатларини қаттиқ назоратга олиш тарафдори бўламиз.

Мухбир: Тадбиркорларнинг норозилик чиқишларига муносабатингизни очиқроқ баён қила оласизми? Улар тўғри қиляптими ёки нотўғрими? Ҳукуматнинг сўнгги пайтларда чиқарган айрим қарорлари тадбиркорликни бўғишга хизмат қилмаяптими?

М.Аҳмаджонов: Партиямиз тузилишидан мақсад ҳам тадбиркорларнинг ёнини олиш. Агарда баъзи норозиликлар бўлаётган эса, бунга йўл очиб берган сабабларни ўрганиш керак. Мана Қўқонда норозилик бўлди, деб айтдингиз. Балки бу ҳокимлик ёки солиқ идорасидаги бирорта саводсиз, таъмагир одамнинг ишидан норозилик натижасидир! Ҳозир ҳукумат чиқарган бирорта қарорга қарши чиқишимиз ёки уни маъқуллашимиз учун бизда асос бўлиши керак. Шунга қарамай, биз тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қиламиз.
XS
SM
MD
LG