Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:22

ЎзЛДПнинг журъатига кўрсатма сабабми?


Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш куни яқинлашган сари расман рўйхатга олинган партиялар аста-секин бир-бирини танқид қилишни бошлади.

Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партияси етакчиси Муҳаммаджон Аҳмаджонов “ХХ1 аср” газетасида Халқ демократик партиясининг ўзини сўл қанот партияси деб эълон қилганини танқид қилди.

М.Аҳмаджонов “Озодлик” радиосига берган интервьюсида ҳам бу танқидни давом эттирди. Унинг айтишича, тарихда сўллар ҳар доим хусусий мулкчиликка қарши бўлиб келган. Сўл кучларнинг ғояси асосида ҳар доим утопик социализм ётади. Қолаверса, ХДПнинг давлат бюджетида ижтимоий ҳимояга йўналтирилган маблағлар ҳажмини оширишга доир қарашлари ҳам ҳаётий ҳаққониятга мос эмас.

“Агар бюджетда пул бўлса, халқ фаровонлиги йўлида қанча сарф қилса ҳам арзийди. Лекин бюджетни тўлдириш керак. Агар бу партия шу ғояни илгари сурган бўлса, нега 12-13 йил давомида шундай қилмади”, деди М.Аҳмаджонов.

ХДП аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида қонун чиқариш тарафдори. Лекин М.Аҳмаджоновнинг фикрича, давлатдан ҳамма нарсани талаб қилиш боқимандаликдан бошқа нарса эмас.

М.Аҳмаджонов ХДП хусусий мулкка муносабатини ўзгартирмаса, ЎзЛДП унга мухолиф партия бўлиб қолишини таъкидлади.

Хўш, сайлов арафасида партиялар ўртасида юзага келган бу қарама-қаршиликларга сиёсатшунослар қандай муносабат билдиради?

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг эътирофича, аслида на ХДПнинг, на ЎзЛДПнинг мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ таклифлари бор.

“М.Аҳмаджонов ўз мақоласида ЎзЛДП тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилишини таъкидлаган. Мен унинг ҳукумат вазифаси нимадан иборатлигидан бехабар эканидан афсусдаман. У ҳукумат ва давлат, аввало, мамлакат хавфсизлиги ва ҳимоясини ташкил этиши керак, деган фикрда. Мен буни нотўғри позиция деб ҳисоблайман. Давлатнинг вазифаси тадбиркорларнинг ишлаши учун шароит яратиб бериш, солиқлар ва божхона тўловлари тизимини тартибга солишдан ҳам иборатдир”, деди Т.Йўлдошев.

Т.Йўлдошевнинг фикрича, Ўзбекистондаги барча партиялар моҳиятан бир-биридан фарқ қилмайди. Улар жамиятни ташвишга солаётган муаммоларни таҳлил этишдан қўрқади. Улар, бир сўз билан айтганда, қўғирчоқ партиялардир.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаевнинг таъкидлашича, у бундан 1,5 йилча муқаддам ЎзЛДП дастури яратилишида иштирок этган. Дастур Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашида ишлаб чиқилган. Дастурнинг якуний нусхаси Президентга олиб чиқилган. Президент унда танқидий қарашлар бўлмаслиги лозимлигини айтиб, ҳужжатни қайтариб берган. Бу ҳолат мамлакатдаги барча партиялар Президент кўрсатмаси билан тузилганидан дарак беради.

Б.Мусаевнинг сўзларига қараганда, бугун партияларнинг гўёки ўзаро курашаётгани аслида сиёсий ўйиндир. ХДП замон руҳини илғаб олиб, асосий эътиборни ижтимоий муаммоларга қаратган. Лекин фуқаролар ҳеч қайси партияга ишонмайди. Одатда мамлакатдаги партиялар сайловлар арафасида кўзга ташланиб қолади. Бошқа пайтда эса ижтимоий ва сиёсий ҳаётга умуман аралашмайди.

Б.Мусаев Президент девони кўрсатмасисиз ЎзЛДПнинг ХДПни нишонга олишига журъат етмаган бўларди, дея фикр билдирди.
XS
SM
MD
LG