Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:55

Украина бўлиниш ёқасида


Душанба куни Украина Олий Маҳкамаси мамлакатда ўтказилган президентлик сайловларининг легетимлиги масаласини кўриб чиқишни бошлади. Мухолифатдан президентликка номзод Виктор Юшенко тарафдорлари сайловнинг расмий натижалари бекор этилишини ва қайта сайлов ўтказилишини талаб этишмоқда. Эслатиб ўтамиз шанба куни Украина парламенти сайлов натижаларини ноқонуний деб топиб, Марказий Сайлов Комиссиясига ишончсизлик билдирган эди. Аммо, Парламент қарори қонуний кучга эга бўлмагани боис, сайловнинг легетимлиги борасида Олий Маҳкама сўнгги сўзни айтиши керак.

Олий Маҳкама сайлов натижаларини бекор қилиши ёки бўлмаса мухолифат даъвосини асоссиз деб топиб, Виктор Януковични сайловда ғолиб чиқди, деб ҳам эълон этиши мумкин. Агар, Олий Маҳкама сайлов натижаларини бекор қиладиган бўлса, сайлов бюллетенлари қайта санаб чиқилиши ёки умуман қайтадан сайлов ўтказиш борасида қарор чиқариши эхтимолдан холи эмас. Бу ерда, учинчи таҳмин ҳам бор. "Кучма-3" варианти. Яъни, Олий Маҳкама мамлакатда юзага келган вазиятдан келиб чиқиб, сайлов натижаларини бекор қилиши ва мамлакатнинг амалдаги Президенти Леонид Кучмани учинчи муддатга лавозимида қолдириши ҳам мумкин.

Кузатувчилар Украинада юзага келган ҳозирги вазиятда Олий Маҳкама сайлов натижаларини бекор қилиб, қайтадан сайлов ўтказиш ҳақида хукм чиқарса сиёсий жиҳатдан тўғри бўлар эди деган фикрдалар. Акс холда вазият қон тўкиладиган даражага бориб етиши мумкин. Холландиядаги Халқаро Муносабатлар Институти таҳлилчиси Дик Лердик ҳам шундай дегувчилардан:
"Ҳозирги вазиятда, энг яхши йўл, менинг таҳминимча, Олий Маҳкама биз сайлов натижаларини тасдиқлай олмаймиз, деб, бошқатдан сайлов ўтказиш кераклигини айтишидир", - дейди Лердик.

Ҳозирча Янукович тарафдорларини бундай қарор қанчалик қаноатлантириши номаълум. Аммо, холландиялик таҳлилчи Дик Лердик фикрича, бунга умид қилса бўлади.
"Сўнгги кунларда Москва томони сайловларнинг қайта ўтказилишидан рози эканлигини айта бошлади. Бу эса қайта сайловлар масаланинг ҳаётий, амалга ошиши мумкин бўлган ечими эканидан дарак беради", - дейди Дик Лердик. Ҳозирда бутун Украинанинг нигоҳи Олий маҳкамага қаратилган. Юшенконинг минглаб тарафдорлари эса Олий Маҳкама биносини ўраб олган.

Украинада нафақат қон тўкилиши, балки мамлакат иккига бўлиниши хавфи ҳам мавжуд. Бош вазир Виктор Янукович тарафдорлари бўлган Украина шарқидаги маҳаллий губернаторлар, бир гуруҳ амалдорлар, агар Виктор Юшенко Президент бўладиган бўлса, Украинадан ажралиб чиқамиз, деган талабларни қўйишмоқда. Донецк вилояти Маҳаллий Кенгаши, аллақачон, бу талабни мақуллади. Шунингдек, Украина шарқидаги Луганск, Харьков вилоятлари губернаторлари ҳам, бу ғояга қўшилишларини айтишди. Айни пайтда, Виктор Юшенко етакчилигидаги мухолифат тарафдорлари буни мамлакат конституциясига зид дея таърифламоқалар. Хусусан мухолифат намояндаси Юлия Тимошенко Украина Президентидан мамлакат яхлитлигига хавф солаётган амалдорларни лавозимидан бўшатишни талаб этди.
"Украинанинг худудий яхлитлигига хавф солаётган амалдорлар, хусусан Бош вазир Виктор Янукович, Луганск, Харьков, Донецк вилояти губернаторларининг лавзимидан четлаштирилишин Президент Кучмадан талаб этамиз", - деди Тимошенко.
XS
SM
MD
LG