Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:02

Тошкентда навбатдаги суд жараёни давом этмоқда


17 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари судида саккиз киши устидан суд жараёни давом этмоқда. Судланувчилар диний экстремистик ташкилотлар тузиш ва уларга аъзо бўлишда айбланмоқда.

Бундан бир ҳафта муқаддам судланувчиларга қўйилган айблов хулосалари ўқиб эшиттирилган эди.

Судланувчиларнинг барчаси ёш йигитлар, улар Тошкент шаҳрида яшовчи Ўзбекистон фуқаролари.

Тўра Мирзохўжаев, Шуҳрат Саъдуллаев, Нормурод Жумаев, Равшан Каримов, Жалолиддин Аминов, Фарҳод Ҳасанов, Абдувоҳид Валиев ва Қавомиддин Аминов Жиноят кодексининг 244-прим моддасининг (диний экстремистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) биринчи қисми билан айбланмоқда. Айблов хулосасига кўра, Фаррух Ҳайдаров ва Ҳусниддин Охунов исмли шахслар судланувчиларни ислом динини чуқурроқ ўргатиш ниқоби остида норасмий диний экстремистик ташкилотларнинг яширин ҳужраларини ташкил этиб, Ўзбекистонда жиҳод қилишга тайёрлаган.

Айни пайтда судланувчилардан беш киши ҳибсда, уч киши – Ф.Ҳасанов, А.Валиев ва Қ.Аминов эса очиқда қолдирилган.

Очиқда юрган айбланувчилар нима гуноҳ қилганини ўзлари ҳам билмаслигини айтмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, судланувчилар тергов давомида ўзларига қўйилган айбларни тан олмаган. Лекин уларга қўйилган айб шу турдаги аввалги судлардаги айблар сингари кўп эмас. Яъни уларга фақат битта, яъни 244-прим модда бўйича айб қўйилмоқда. Бу йигитлар “Таблиғ” оқими вакилларига қўшилганликда гумон қилиняпти.

Судланувчи Т.Мирзахўжаевнинг тергов вақтидаги кўрсатмаси айблов хулосасида ҳам келтирилган. Унда ёзилишича, исломдан дарс бериш чоғида Фаррух Ҳайдаров уларга ўзини-ўзи портлатиб юбориш нотўғри эканини, ислом давлати қуришга даъват этиш тўғри йўллигини айтиб келган.

С.Икромовнинг таъкидлашича, судланувчилар фаолиятида террористик ва экстремистик ҳаракат йўқ. Улар жамоат бўлиб исломдан таълим олган. Улар “таблиғчилар” деб аталади.

Судланувчи Н.Жумаевнинг акаси “Озодлик” мухбири билан суҳбатда укаси мутлақо айбсиз эканини билдирди.

“Укам шифокор, икки нафар фарзанди бор. Олий маълумотли йигитнинг қандайдир диний жамоага қўшилиб кетишини тасаввур қила олмайман. Намоз ўқиш эса айб бўлмаса керак”, - деди судланувчининг акаси.
XS
SM
MD
LG