Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:02

Эргаш Ортиқов емаган сомсага пул тўлаяпти


Маълумотларга кўра, Хоразм вилояти Урганч туманининг Жалолиддин Мангуберди номидаги ширкат хўжалигида яшовчи Эргаш Ортиқов милиция ходимлари айби билан содир этилган жиноят учун жазога тортилган.

31 ёшли Эргаш Ортиқов ўзи қилмаган жиноят учун жазога тортилгани туфайли бир йилдан буён судма-суд қатнаб, сарсон бўлмоқда.

Э.Ортиқовнинг сўзларига қараганда, 2003 йил 14 ноябрда соат 22 ларда Урганч-Гурлан йўлида “Газ-53” русумли автомашинасида турмуш ўртоғи Умида Ражабова билан кетаётганида машинасининг орқа томонига “Дамас” русумли автомобиль келиб урилган. Шу вақт ҳалокат жойидан милиция махсус машинаси катта тезликда тўхтамасдан ўтиб кетган. Автоҳалокат натижасида “Дамас”да бўлган Мансур Оллаберганов, Ғофур Абдуллаев, Умрбек Отаев ҳалок бўлган. 23 ёшли Дилшод Қозоқов эса оғир тан жароҳати олган.

“Озодлик” мухбири ушбу воқеа тафсилотларини ўрганиш учун ўтган йилнинг май ойида Д.Қозоқов билан суҳбатлашганди. Ўшанда Д.Қозоқов милиция ходимлари “Дамас”ни милиция ходимлари қувлаганини айтганди. Маълум бўлишича, кейинчалик Д.Қозоқов ҳам вафот этган.

Урганч тумани судининг ўтган йил 11 мартдаги ҳукмига кўра, Э.Ортиқовга йўл ҳаракати қоидасини бузиб, автоҳалокат содир этиш айби қўйилган ва унга жазо тайинланган. Э.Ортиқов эса судда ҳам, терговда ҳам ўзига қўйилган айбларни инкор этганини таъкидлади.

Ўзини бегуноҳ ҳисоблаган Э.Ортиқов суднинг ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти ёзди. Вилоят жиноят ишлари суди апелляция судлов ҳайъати ажримига мувофиқ Урганч тумани судининг ҳукми бекор қилинди ва қайта терговга жўнатилди.

“Ҳужжатлар, гувоҳларнинг кўрсатмалари автоҳалокат милиция ходимларининг “Дамас”ни қувлаши натижасида содир қилинганини тасдиқлайди”, - дейилади ажримда.

Кейинчалик Хива тумани суди ҳам мазкур жиноят иши билан танишиб, дастлабки тергов жараёнида нохолисликка йўл қўйилгани, қонун талаблари бузилганини аниқлайди.

“Милиционерлар жиноят содир қилганликда гумон қилинаётган бир пайтда тергов ички ишлар бўлими ходимлари томонидан олиб борилиши жиноят ишининг холисона юритилишига шубҳа туғдиради”, - дейилади Хива тумани суди ажримида ва прокуратура томонидан қўшимча тергов ўтказиш белгиланади.

Вилоят суди томонидан чиқарилган яна бир ажримда ҳам мазкур иш юзасидан қўшимча тергов ўтказилиши лозимлиги айтилади. Бироқ, маълум бўлишича, қўшимча тергов ўтказиш негадир пайсалга солинмоқда.

Маҳаллий кузатувчиларнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда вилоятда йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан кўплаб ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этиляпти. Лекин улар аксарият ҳолларда жазодан қутулиб қолаётир.
XS
SM
MD
LG