Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:37

Юбилейга тайёргарлик бошланган, ўқитувчилар ариқ тозалаяпти


Юнеско Бош анжуманининг 32-сессиясида Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Юбилей тадбирлари жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Бундан минг йил муқаддам Хоразмшоҳлар давлатининг маркази Гурганжда замонасининг йирик олимлари тўпланган ва тарихда Маъмун академияси номи билан билан кирган илмий маскан вужудга келган эди. Маъмун академияси дастлаб 1004-1017 йилларда, кейин эса Қутбиддин Отсиз даврида 60 йилдан зиёдроқ фаолият кўрсатганди. 1997 йилга келиб Хивада Маъмун академияси қайта ташкил этилди.

Маъмун академиясининг раиси профессор Каримжон Сафаровнинг сўзларига қараганда, бу ерда Беруний ва Ибн Сино фаолият кўрсатган. Академияда тарих, фалсафа, ҳуқуқ, тиббиёт, математика каби фанлар юксак босқичларга кўтарилган. Бу даргоҳ минтақада илм-фанни юксакларга кўтарибгина қолмай, турли давлатлар ўртасидаги маданий алоқаларни ҳам мустаҳкамлаган. Бу ерда гипотеза тарзида олға сурилган ғоялар фаннинг 500 йилликдан кўпроқ ривожи учун зарур омиллар яратган.

К.Сафаровнинг таъкидлашича, ҳозир академияда олимлар фаннинг турли соҳалари бўйича иш олиб боряпти. Академия ҳузурида доривор ўсимлар боғи, нашриёт ҳам ташкил этилган. Бироқ тарихий Маъмун академияси алломалари яратган, айни пайтда хорижда сақланаётган асарларнинг нусхаларини олиб келишда қийинчиликлар мавжуд. Шу билан бирга, Хивадаги академиянинг лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш зарурияти бор.

“Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармасининг Хоразм вилояти бўлими раҳбари, юбилейни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита аъзоси Комилжон Нуржоновнинг билдиришича, Маъмун академиясининг 1000 йиллигига тайёргарлик аллақачон бошлаб юборилган.

Маълум бўлишича, юбилей муносабати билан бошланган ободонлаштириш ишларига ўқитувчилар ҳам жалб этилган. Улар Урганч шаҳридаги “Қирғизёп” ва “Урганчёп” ариқларини тозаламоқда. Куни-кеча ўқитувчиларга боқча тарбиячилари ҳам ёрдамга келган.

Кузатувчиларнинг эътирофича, бу каби тадбирлар идора ва ташкилотлар, фермер хўжаликлари ва тадбиркорларга юк бўлиб тушади. Яъни улар тадбирни ўтказиш учун ўз ҳисобларидан хайрия қилишга мажбурланади. Маъмун академияси юбилейи ўтказилиши муносабати билан ҳам Хоразм вилояти ҳудудидаги барча банкларда хайрия ҳисоб рақами очилган.

К.Нуржоновнинг айтишича, бундан 20 йилча муқаддам Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийнинг 1200 йиллиги нишонланганда Юнеско юбилейни ўтказиш учун 20 миллион доллар ажратган эди. Бироқ Маъмун академияси юбилейи учун Юнеско ҳозирча пул ажратгани йўқ. Шунга қарамай, халқаро ташкилотлар ва чет элдаги ватандошлардан хайрия ёрдами ажратилишига умид қилиш мумкин.
XS
SM
MD
LG