Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:59

“Хоразм олтин халқаси” даромад манбаи бўлади


Маълумотларга кўра, Юнесконинг “Оролбўйи ҳудудида туризмни ривожлантириш орқали аҳоли даромадини барқарорлаштириш” лойиҳаси доирасида “Хоразм олтин халқаси” янги сайёҳлик йўналишини ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Хивадаги Бизнес ва туризмни ривожлантириш маркази раҳбари Одилбек Раҳимовнинг сўзларига қараганда, Хоразм сайёҳликни ривожлантириш бўйича жуда катта салоҳиятга эга. Агар “Хоразм олтин халқаси” йўналиши ишга туширилса, воҳага сайёҳлар оқими кўпайиши шубҳасиздир. Йўналиш сайёҳлар сони бир йил давомида икки баробар кўпайишини таъминлаши мумкин.

Профессор Каримжон Сафаровнинг таъкидлашича, янги йўналиш Хивадан бошланиб, Қалъажиқ ва Ҳазораспга, ундан Қорақалпоғистон ҳудудидаги қадимий қалъалардан ўтиб, Мўйноққача етади. Бу ердан Туркманистон ҳудудига ўтиб, Кўҳна Урганч орқали яна Хоразмга қайтилади. Бу йўналишда сафарга чиққан хорижлик сайёҳ Хоразм чўлларида туяда сайр қилиши, кўлларда балиқ овлаши мумкин бўлади.

К.Сафаровнинг эътирофича, “Хоразм олтин халқаси” маҳаллий аҳолига ҳам кўп фойда келтиради. Йўналиш ўтган ҳудудларда янги иш ўринлари яратилади.

Мутахассислар ҳозир Хоразмда хорижий сайёҳларга кўрсатилаётган хизмат сифати пастлигини эътироф этади.

Бу эътирофга парижлик Натали хоним ҳам қўшилди. Хонимнинг айтишича, у Хивага биринчи бор келиши, бу шаҳар унга жуда ёққан. Унга ўғли ҳамроҳлик қилмоқда. Аввал Хивадаги меҳмонхонада жойлашган, лекин у ерда шароит бўлмагани сабабли бошқа жойга кўчишга мажбур бўлган.

Маълум бўлишича, “Хоразм олтин халқаси” йўналиши жорий йилнинг декабрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Кўпчилик бу лойиҳа бюджет ва валюта тушуми шаклланишига катта ижобий таъсир ўтказишига умид қилмоқда.

Хивадаги Ичанқалъа давлат музей-қўриқхонаси директори Ботир Давлатов тақдим этган маълумотларга кўра, 2002 йилда Хивага 30 мингдан ортиқ, 2003 йилда қарийб 50 минг хорижий сайёҳ ташриф буюрган. 2004 йилнинг 6 ойида чет эллик сайёҳлар сони 2003 йилги кўрсаткичдан ортиб кетган.
XS
SM
MD
LG