Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2024, Тошкент вақти: 07:01

Гадойбоевнинг “бестселлери” 2,5 минг сўм туради


Хабарларга қараганда, “Маҳалла” жамғармаси раиси Аъзам Гадойбоевнинг “Халқ йўли – ҳақ йўл” китоби Фарғона вилоятидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари орқали ихтиёрий-мажбурий равишда сотилмоқда.

Китобда “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистон маҳаллалари ҳақида тайёрлаган 2003 йилги ҳисоботи танқид қилинади, шунингдек, баъзи журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қораланади.

“Жаҳон оммавий матбуот органларида юртбошимиз, демократик давлатимиз, ўлкамизда кечаётган туб ислоҳотлар ҳақида турли миш-мишлар тарқатаётганлар каби ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамғармамизнинг ҳам ўзига етарли мухолифлари бор экан. Биз яхши биламизки, диний экстремистлар ҳам, уларнинг тарафдорлари ҳам ўзларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, деб биладилар. Ўзини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот, деб атаб келувчи “Ҳьюман райтс уотч”нинг Ўзбекистондаги вакиллиги, аниқроғи, унинг икки ходими – Галима Бухорбоева ва Матильда Богнерлар тайёрлаган шапалоқдек-шапалоқдек 42 саҳифалик бюллетенлари мухолифларимиз фаолиятига жуда ёрқин намуна бўлади”, - дейилади китобда.

А.Гадойбоев фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевани “Ҳьюман райтс уотч” ҳисоботи учун материаллар етказиб беришда айблайди.

М.Тожибоеванинг таъкидлашича, у баъзилар сингари кимларгадир ҳамду сано ўқиётгани, шахсга сиғинаётгани йўқ.

“Мен ҳақиқатни гапириб, халқни амалдорлардан ҳимоя қилаётганим учун давлатга қарши одам ҳисобланаётган бўлсам, бундан минг марта розиман”, - деди М.Тожибоева.

“Маҳалла” жамғармаси раиси ўринбосари Неъматулла Абдуллаевнинг билдиришича, китобдаги барча фикрлар обдан ўйланиб, фактлар асосида ёзилган.

Маълум бўлишича, А.Гадойбоевнинг бу китоби маҳалла йиғинлари раислари орқали донаси 2,5 минг сўмдан ихтиёрий-мажбурий равишда сотилмоқда.
XS
SM
MD
LG