Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:18

Тошкентда жаҳон чемпиони суд қилиняпти


Хабарларга қараганда, Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани жиноят ишлари судида ноқонуний диний фаолиятда айбланиб, таэквондо бўйича икки карра жаҳон чемпиони Элмурод Нурохунов суд қилинмоқда.

Э.Нурохунов 1977 йилда туғилган бўлиб, таэквондо бўйича 1996 йилда Чехияда ва 1999 йилда Аргентинада ўтказилган жаҳон биринчиликларида ғалаба қозонган. Шунингдек, у кўплаб халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олган.

Ҳозир Э.Нурохуновга Жиноят кодексининг 244-2-прим моддаси бўйича, яъни диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталист ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш айби қўйилмоқда. У “Ҳизб ут-таҳрир” ва ваҳҳобийлик диний оқимларига алоқадорликда гумон қилиняпти.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов бу каби айблар билан ҳибсга олинган таниқли спортчилар анчагина эканини билдирди.

“Ўзбекистон ҳукумати ёши 30 ёшгача бўлган намозхонларнинг қора рўйхатини тузиш ва ким бўлишидан қатъий назар қамоққа олиш принципига таяниб, иш кўрмоқда”, - деди С.Икромов.

Шу кунларда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани жиноят ишлари суди ноқонуний диний фаолиятда айбланаётган 7 нафар судланувчини озод қилгани ҳақида хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, судланувчилар Жиноят кодексининг 216-моддаси, яъни ноқонуний равишда диний ташкилот ёки жамоат бирлашмаси тузиш айби билан Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ҳибсга олинган. Бироқ суд жараёни якунида улар суд залидан озод этилган.

Таъкидлаш керакки, бу каби айблар билан суд залидан озодликка чиқиш Ўзбекистонда жуда камёб воқеадир.

“Эзгулик” жамияти раисаси Васила Иноятованинг билдиришича, суднинг шундай қарорга келишдан бошқа чораси ҳам қолмаган. Чунки судланувчиларнинг уйидан топилган адабиётлар аслида Ўзбекистонда чоп этишга рухсат берилган адабиётлар экани маълум бўлган. Жиноят иши эса мана адабиётлар дастак қилиниб, қўзғатилган эди.

Айбланувчилардан бирига адвокатлик қилган Ирина Микулинанинг таъкидлашича, судланувчиларга аввалига Жиноят кодексининг 244-моддаси, яъни жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид солувчи материаллар тайёрлаш ва тарқатиш бўйича айблов эълон қилинган. Бироқ судда улардан олинган адабиётлар қонуний равишда чоп этилгани аниқ бўлгач, 244-модда 216-моддага алмаштирилган.

Адвокат судланувчилар барибир айбдор, деб топилгани ва улар шартли равишда озодликдан маҳрум этилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG