Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:36

Тожикистон ҳукумати делегацияси Тошкентга келди


10 февраль куни Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов бошчилигидаги ушбу мамлакат ҳукумати делегацияси Тошкентга келди. Шу куни Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида бир неча ҳужжатларга имзо чиқилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илҳом Зокировнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев дастлаб О.Оқилов билан тор доирада учрашув ўтказган. Сўнгра ҳукумат делегацияларининг кенг қамровли музокаралари бўлиб ўтган. Унда 2005 йил февралдан 2006 йил апрелгача бўлган муддатда сув ва энергетика захираларидан самарали фойдаланиш, юк ташиш, табиий газ транзити, 2005 йилда давлат қарзларини тўлаш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувлар имзоланган.

Норасмий маълумотларга кўра, музокаралар чоғида Ўзбекистоннинг Фарғона водийсига Тожикистоннинг Сўғд вилояти орқали юк ва йўловчилар ўтиши муаммолари ҳам муҳокама қилинган.

Бу йил Ўзбекистонда қишнинг қаттик келиши бу муаммони янада долзарблаштирди. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларини Фарғона водийси билан боғловчи асосий автомобиль йўли – Қамчиқ довони 1 февралдан буён қор кўчкиси хавфи сабабли ёпиб қўйилди.

Шу сабабли одамлар Сўғд вилояти орқали ўтган йўлни эслаб қолди. Айни кунларгача бу йўл орқали Ўзбекистоннинг поездлари юрарди. Қамчиқ ёпилгандан кейин водийга қўшимча поезд қўйилди. Самолёт қатнови ҳам кўпайтирилди. Аммо бу муаммони тўлиқ ҳал этмаётир. Оддий кишиларнинг самолётга чипта сотиб олишга қурби етмаяпти. Чипта нархи эса 25 минг сўмни ташкил этади.

Шу билан бирга, Тожикистон орқали қатновни йўлга қўйишда ҳам катта муаммолар мавжуд. Буни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2004 йилда ўтказилган матбуот анжуманларидан бирида тан олган эди. У мазкур муаммони ҳал қилишда ваъдалар берилаётгани, лекин ваъдалигича қолиб кетаётганини таъкидлаганди.

Маълум бўлишича, Қамчиқ довони орқали Тошкентдан Қўқонгача масофа 250 километрни ташкил этади. Тожикистон ҳудуди орқали бу йўл 50 километргача узаяди.

Лекин Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан Фарғона водийсига Тошкентга кирмасдан Тожикистон орқали ўтиш Қамчиқ орқали боришдан кўра яқинроқдир. Масалан, Самарқанддан Ховос-Бекобод-Хўжанд орқали водийга ўтишда масофа 100 километргача қисқаради.

Бугунги кунда Фарғона водийсига ўтишни осонлаштиришни истаётган оддий фуқаролар учун, Президент Каримов таъбири билан айтганда, раҳбарларнинг оғиз-бурун ўпишиб, бир-бирига ваъда беришининг аҳамияти йўқ. Улар учун энг асосийси икки қўшни давлат раҳбарлари ҳар қандай сиёсий ўйинларни йиғиштириб қўйиб, яқин ва қулай йўлни очиб беришининг ўзи етарли.
XS
SM
MD
LG