Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:59

Фермерларнинг муаммолари кўп


15 февраль куни Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти Ўзбекистон бўлимининг фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишчи гуруҳи раҳбарлари ва вилоятлардаги фермер хўжаликлари вакиллари матбуот анжумани ўтказди.

Тадбирда таъкидланишича, жойларда фермерларга нисбатан тазйиқ ва қонунбузарликлар давом этмоқда. Пахта тозалаш заводлари фермерлар етказиб берган маҳсулот учун пул бермаётир. 2004 йилда турли объектив сабаблар билан шартнома режасини бажара олмаётган фермерлар судга тортиляпти. Хўжалик судлари эса аҳволни ўрганмай, фермерларни жавобгарликка тортмоқда. Ҳатто пахта тозалаш заводлари фойдасига фермерлардан жарима ундириш ҳолатлари кузатиляпти. Масалан, хўжалик судлари Фарғона вилоятида беш минг фермерга шундай жарималар солган.

Тошкент вилояти фермерлари манфаатларини ҳимоя қилувчи “Заминдор” ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ҳосилов маҳаллий ҳокимиятлар вакиллари томонидан юргизилаётган зўравонлик сиёсати фермерларнинг асосий муаммоси эканини билдирди. Унинг айтишича, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида бу борадаги вазият ниҳоятда кескинлашган.

“Агар фермерларга эркинлик берилмаса, ер эгасига етиб бормаса, ислоҳотлар тўғрисидаги барча гаплар бекор. Режа беришда ернинг балл бонитети ҳисобга олинмаяпти. Агар ернинг гектаридан 20 центнер ҳосил олиш мумкин бўлса, фермерга 35 центнер режа қўйилмоқда. Чунки туманнинг режасини бажариш учун шунча ҳосил олиниши керак”, - деди у.

Сирдарё вилояти Мизраобод туманидаги “Фидокор” фермер хўжалиги раҳбари Карим Бозорбоевнинг сўзларига қараганда, Гулистон туманида 147 фермернинг ери олиб қўйилган.Уларга шартномани бажармаганлик айби қўйилган. Аслида шартнома бажарилмаслигига фақат фермернинг ўзи айбдор эмас. Унга минерал ўғит, ёқилғи бермаганларнинг айби кам эмас.

Фермерлар банклардан кредит олишда ҳам муаммолар борлигини маълум қилди. Уларнинг айтишича, агар пора берилмаса, кредит олишнинг имконияти йўқ. Шунингдек, минерал ўғит олишда ҳам порасиз иш битмайди.

Матбуот анжумани сўнггида фермерлар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов номига мурожаатнома қабул қилди. Унда давлат раҳбаридан Ўзбекистон аграрлар ва тадбиркорлар партиясини рўйхатга олишда ёрдам кўрсатиш сўралади.
XS
SM
MD
LG