Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:37

Президент қарорлари танқид қилинди


18 февраль куни “Freedom house” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, нодавлат ташкилотлар, расмий идоралар вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистондаги уй-жой мулкдорлари ширкатларининг (УМШ) аҳволи, соҳада вужудга келган инқироздан чиқиш йўллари, шунингдек, мамлакат Президентининг УМШ фаолиятини такомиллаштириш ва коммунал хизматлар тарифларининг асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик тўғрисида яқинда қабул қилган қарорлари юзасидан фикр алмашилди.

Давра суҳбатида таъкидланишича, аҳолининг коммунал хизматлар учун тўлаётган пуллари қаерга кетаётгани, нимага сарфланаётгани ҳақида ҳеч ким ҳисобот бермайди. УМШ ходимлари эса маҳаллий ҳокимият вакиллари билан биргаликда талон-тарож билан шуғулланмоқда. Коммунал тўловлар баҳоси аҳоли даромадига қанчалик мос келиши ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ. Аҳоли коммунал хизматлар учун тўламайди эмас, тўлашга қурби етмайди. Ҳозир корхона ва ташкилотларда коммунал хизматлардан қарзи йўқлиги тўғрисида ҳужжат кўрсатмаса, ишчи-хизматчиларга маош берилмаяпти.

Иштирокчиларнинг сўзларига қараганда, УМШ нодавлат ташкилот бўлса-да, номигагина мустақил. Аслида улар ҳокимликлар томонидан тўлиқ назорат қилинади.

“Тошкентдаги ҳокимликлар Президент ва халқ ўртасидаги тўсиқ вазифасини ўтаяпти. Қабул қилинган буйруқ ва ҳужжатларни ҳокимликлар мазмун ва моҳиятини ўзгартириб, халққа етказмоқда. Бу аҳвол ўнгланмаса, соҳада ўзгариш бўлмайди”, - деди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Валерий Стаховский.

Тошкентдаги Навоийқўрғон маҳалла йиғини вакили Илҳом Тошпўлатовнинг билдиришича, Президентнинг соҳага оид қарорларини ҳокимлик вакиллари ўзларича талқин қилмоқда. Улар маҳалла орқали ширкатларга таъсир кўрсатишга уриняпти.

Давра суҳбатида Президентнинг коммунал соҳага тааллуқли янги қарорларида ҳокимликлар ваколатлари янада кучайтирилганини танқид қилинди. Иштирокчилар УМШ жамоатчилик ташкилоти сифатида қолиши, УМШ тўғрисида янги қонун қабул қилиниши ва унинг муҳокамасида жамоатчилик қатнашиши лозимлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG