Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:02

Ўзбекистон судининг камёб ҳукми


3 март куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари судида “Таблиқ” диний оқимига аъзоликда айбланган олти киши устидан ҳукм ўқилди.

Ушбу судда шу пайтгача Ўзбекистон суд тизимида камёб бўлган ҳукм чиқарилди, яъни судланувчиларга қамоқ жазоси белгиланмади.

Судланувчилар ҳибсга олинмаган ҳолда суд жараёнида иштирок этди. Айбланувчиларнинг барчаси ёши қирқдан ошган эркаклар эди.

Уларнинг барчасига Жиноят кодексининг 216-моддаси (жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) бўйича айблов эълон қилинганди.

Суд ҳукмига кўра, судланувчилар Миркомил Отамуродов ва Дониёр Эргашев энг кам иш ҳақининг 60 баробари (400 АҚШ долларига яқин) миқдорида жаримага тортилди. Исо Мавлонов, Шавкат Рашидов, Эркин Ҳамидов ва Ғайрат Жабборовга нисбатан амнистия қўлланилди.

Адвокатлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари аслида судланувчиларнинг бирорта айби тасдиқланмагани, шунинг учун улар суд залидан айбсиз сифатида озод қилиниши лозим бўлганини айтди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, суд жараёнида Жиноят-процессуал кодексининг бир қанча меъёрлари бузилган. Масалан, бир неча суд мажлислари давлат айбловчисисиз ўтказилган. Бундан ташқари, тергов идоралари судга тақдим этган айбловларга судланувчиларнинг бирортаси иқрор бўлмаган. Судда етарлича гувоҳлар ҳам бўлмаган.

С.Икромовнинг таъкидлашича, ҳукумат салгина шубҳа уйғотган мусулмонларни қаттиқ назорат қилмоқда. Уларнинг кейинчалик ҳукуматга қарши ҳаракатлар қилиши олдини олиш учун барча кескин чоралар кўриб, “қора рўйхат”га киритиб қўймоқда.

Маълумотларга қараганда, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда “Таблиқ” диний оқимига аъзоликда айбланган юзга яқин фуқаро судланган.
XS
SM
MD
LG