Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:13

БМТ ва ЕИ Қорақалпоғистон ҳамда Наманганда қашшоқликни камайтиришга бел боғлади


23 март куни Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятида аҳолининг турмуш даражасини кўтаришга қаратилган лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Ушбу лойиҳалар учун ЕИ 2 миллион евро миқдорида маблағ ажратган. БМТ тараққиёт дастури эса бу лойиҳаларни молиялаштиришга қўшимча сифатида 200 минг евро берди. Лойиҳаларни амалга ошириш муддати 2 йилдир.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги махсус вакили ўринбосари Лукке Андерсон бу лойиҳалар мамлакатда қашшоқликни камайтириш мақсадида амалга оширилаётганини билдирди.

Унинг айтишича, Ўзбекистон қишлоқларида яшайдиган аҳолининг 35 фоизи қашшоқликка яқин, 27 фоизи эса қашшоқликда кун кечирмоқда. Қорақалпоғистон ва Наманганда бу кўрсаткич янада йирикроқ.

Л.Андерсоннинг таъкидлашича, лойиҳалар уч йўналишда бўлиб, маҳаллий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишда ҳукумат идоралари ҳамда жамоатчилик ташкилотларига кўмак кўрсатиш, маҳаллий жамоатчилик ташкилотларини ривожлантириш учун жамғарма ташкил этиш, кам таъминланган аҳоли имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Иқтисодиёт вазирлиги департаменти бошлиғи Завиқулла Насриддинхўжаев мазкур лойиҳалар аҳоли турмуш даражасини кўтаришга қаратилган ягона стратегия ишлаб чиқиш ҳамда мамлакатда қашшоқликни бартараф этишда муҳим омил бўлишини айтиб ўтди.

Мустақил манбалар маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 55 фоизи қашшоқликда кун кўради.

З.Насриддиновнинг сўзларига қараганда, турмуш даражасининг асосий ўлчовлари бўйича Наманган вилоятидаги аҳвол ўртачадир. Қорақалпоғистонда эса ўртачадан пастроқ. 2006 йилга бориб бу ҳудудларда қашшоқлик даражасини ҳозирги 26-28 фоиздан 20 фоизга туширишга умид қилинмоқда.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган мутахассислардан бирининг фикрича, мамлакатда қашшоқликни тугатиш масаласи ҳукуматнинг асосий дастурлари қаторидан жой олмас экан, бу каби лойиҳалар денгиздан бир томчичалик ҳам фойда келтириши мушкул.
XS
SM
MD
LG