Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:07

Инқилоб руҳини чегаралар мустаҳкамлиги тўсиб қола олмайди


Қирғизистонда содир бўлаётган воқеалар ўзбекистонлик зиёлилар назаридан ҳам четда қолмаяпти. “Озодлик” мухбири билан суҳбатда улар бу жараёнга бефарқ эмаслигини билдирди.

Публицист Шароф Убайдуллаевнинг сўзларига қараганда, Қирғизистондаги воқеалар ўзбек халқи учун Грузия ва Украинадаги инқилоблардан фарқлидир. Зеро, бу жараён қадим Туркистон ҳудудида юз бермоқда. Шунинг учун мазкур воқеалар Ўзбекистондагиларни ўйлантиради, безовта қилиши ҳам мумкин. Аммо, умуман олганда, руҳлантиради.

Ш.Убайдуллаев қўшни мамлакатдаги воқеалар Ўзбекистон ҳукуматини ҳушёр торттириши, кўзини очиши лозимлигини таъкидлади.

Шоира Гулчеҳра Нуруллаева бу воқеаларни кузатиб туриб, Чўлпоннинг “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир”, деган сатрларини эслаганини айтди.

“Шу пайтгача мен бу сатрларнинг Ўзбекистондаги амалий ифодасини кўрмаган эдим. Аммо Қирғизистонда буни кўриб турибман. Чиндан ҳам халқ билан ўйнашиб бўлмайди. Халқ кўнглига қулоқ солинмаётган бошқа жойларда айнан шундай воқеа такрорланиши мумкин. Зеро, зулмнинг бошланиши бўлганидек, охири ҳам бўлади”, - деди шоира Гулчеҳра Нуруллаева.

Файласуф Олимжон Маҳмудовнинг таъкидлашича, Қирғизистондаги воқеаларда зиёлиларнинг иштироки қанчалик экани тўғрисида ҳозирча бир гап айтиш мушкул. Аммо, энг асосийси, қон тўкилмаслиги керак. Ҳозирча эса мухолифатнинг ҳаракатлари пала-партиш кечмоқда. Уларнинг ғалабадан кейин амалга оширадиган ишлари дастури бор-йўқлиги айни пайтда маълум эмас.

Ш.Убайдуллаевнинг эътирофича, Қирғизистондаги воқеалар Ўзбекистонга кўчмаслиги учун чегараларни мустаҳкамлаш бефойда. Чунки инқилоб руҳи қалбдан қалбга кўчади. Шунинг учун Ўзбекистон ҳукумати одамларнинг қалбига қулоқ солиши лозим.
XS
SM
MD
LG