Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:11

Ўзбекистон фуқаро Россияда судланмоқда


Татаристоннинг Қозон шаҳридаги Новосавинов туманида “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорликда гумон қилинаётган ўзбекистонлик 42 ёшли Алишер Усмонов устидан суд жараёни бошланди.

А.Усмонов Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 222 (портловчи моддаларни ноқонуний сақлаш) ва 205- моддалари (террорчилик характеридаги жиноятларга жалб этиш ва содир қилиш) бўйича айбланмоқда.

Россиянинг бу ҳақда мақола эълон қилган “Коммерсантъ” газетасида ёзилишича, айблов хулосасига кўра А.Усмонов экстремистик фаолияти ўтган асрнинг 90-йилларида Наманган шаҳрида бошлаган. У ўшанда “Ислом лашкарлари” ва “Ўзбекистон исломий ҳаракати” диний экстремистик ташкилотлари аъзоси бўлган. А.Усмонов Намангандаги масжидлардан бирида имомлик қилган ва Чеченистонга жангарилар тайёрлаб жўнатган.

Газетада айтилишича, А.Усмоновга халқаро қидирув эълон қилингач, у 1996 йилда Қозонга келади. Бу ердаги “Ал-Кавсар” мадрасасига ишга жойлашади. Кейинчалик эса Қозон олий мусулмон мадрасасида ислом динидан дарс бера бошлайди.

Айблов хулосасида Алишер Усмонов 1999 йилда “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзо бўлиб киргани таъкидланади.

“Озодлик” мухбири А.Усмонов хусусида маълумот олиш учун Татаристон мусулмонлари диний бошқармасига мурожаат қилди.

“А.Усмоновни шахсан танийман. Мен ундан ислом шариати бўйича доимо асосланган жавоблар олардим. Шахсан мен учун у жуда яхши инсон. Унинг қамоққа олинганидан ҳайрон бўлдим”, - деди бошқарманинг таҳсил бўлими бошлиғи Рифқат Ҳазратов.

А.Усмонов ўтган йил октябрда ҳибсга олинган. Айблов хулосасида тинтув вақтида унинг уйидан граната, портловчи моддалар, халифалик тузишга даъват қилувчи варақалар топилгани айтилади.

Россия ҳуқуқ-тартибот органлари А.Усмоновни Татаристон ва Ульянов вилоятида кишиларни террорчилик ташкилотига ёллашга уринганликда айбламоқда.

Лекин Қозондаги масжидлардан бирининг имоми Комил Бикчентоев А.Усмонов билан кўпдан буён танишлиги, унинг “Ҳизб ут-таҳрир”га даъват қилганини эшитмаганини билдирди.

“Коммерсантъ”да ёзилишича, суднинг биринчи кунида айблов хулосаси ўқиб эшиттирилгач, гувоҳлар кўрсатма бера бошлаган. Уларнинг деярли барчаси А.Усмоновни анъанавий ислом ўқитувчиси сифатида билиши, бу шахсдан ноқонуний диний гуруҳлар тарғиботи ҳақида эшитмагани ҳақида гапирган.

РФ Олий суди 2003 йилда “Ҳизб ут-таҳрир”ни террорчилик ташкилоти сифатида тан олган ва мамлакат ҳудудида фаолият кўрсатишини тақиқлаган.
XS
SM
MD
LG