Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:14

Асадулла Ортиқов вафот этди


Фирдавс 21 апрель куни ўзининг мустақил фикри, ўткир мақолалари орқали кўпчиликка танилган журналист ва мухолифатчи Асадулла Ортиқов оғир касалликдан сўнг 54 ёшида вафот этди.

Асли касби муҳандис бўлган А.Ортиқов 90-йилларда юрак касалига чалинган ва бир неча жиддий операцияларни ҳам бошдан кечирган эди.

Худди шу хасталик уни ёруғ дунёдан олиб кетди. 20 апрель куни А.Ортиқов Қарши шаҳридаги вилоят шифохонасида яна бир бор операция қилинди. Бироқ эртаси куни вафот этди.

Ўлимидан сал аввал А.Ортиқов “Озодлик” мухбирига интервью берган эди.

“Мен нафақат Ўзбекистонни, балки ҳар бир юртдошимни мустақил шахс сифатида кўришни орзу қилиб келдим. Шахс мустақиллиги таъминланмас экан, миллий давлат мустақиллиги қуруқ гапдир”, - деган эди ўшанда А.Ортиқов.

А.Ортиқовни билганлар уни жонкуяр ва эркин фикрли шахс сифатида қадрлар эди.

Қашқадарёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ёдгор Турлибековнинг сўзларига қараганда, А.Ортиқов миллат ва шахс мустақиллиги, демократия тарғиботчиси, бу қадриятларни ҳар қандай шароитда ҳимоя қилишга тайёр инсон эди.

“Озодлик” мухлислари А.Ортиқовнинг 1997-2000 йилларда эфирга узатилган материалларини яхши эсласа керак. Зеро, бу лавҳаларнинг ҳар бирида халқ дарди ва муаммолари акс эттирилганди.

Журналист Тўлқин Қораевнинг айтишича, А.Ортиқов “Озодлик” радиоси орқали дадил чиқишлари билан мухлислар қалбидан чуқур жой олганди.

22 апрель куни Яккабоғнинг Яккасарой қишлоғига А.Ортиқовнинг узоқ-яқиндаги кўплаб танишлари, қишлоқдошлари йиғилди. Улар марҳумни сўнгги манзилга кузатар экан, уни “яхши инсон”, дея яна бир бор эсладилар.

Бу марҳумлар ортидан ёмон гапирмаслик керак, деган истиҳола важидан эмас, балки юрак тубидан чиққан асл эътирофнинг қисқа ифодаси, яхши бир инсон ҳаётдан кетганининг таассуф билан тан олиниши эди.
XS
SM
MD
LG