Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:35

Аҳмаджон Одиловнинг озод этилиши талаб қилиняпти


Узоқ йиллардан буён қамоқхонада сақланаётган Аҳмаджон Одиловнинг дўстлари, сафдошлари ва оила аъзолари унинг озод этилиши талаби билан кампания бошлашини маълум қилди.

Наманган вилоятининг Поп туманидаги собиқ агросаноат мажмуининг собиқ директори Аҳмаджон Одилов 1 майда 80 ёшга тўлади. У икки тузум, Иттифоқ ва мустақил Ўзбекистон қамоқхоналарида 20 йилдан буён жазо муддатини ўтаб келмоқда.

А.Одилов илк марта 1984 йилда ҳибсга олиниб, Москва шаҳрига олиб кетилган ва 1992 йилда Президент Ислом Каримовнинг шахсий илтимоси билан Ўзбекистонга олиб келинган эди. Бироқ орадан кўп ўтмай, у минерал ўғитларни ноқонуний ўзлаштиришда айбланиб яна ҳибсга олинди ва 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг жазо муддати эса мунтазам равишда чўзиб келинмоқда.

А.Одиловнинг яқинлари бу айбловларнинг барчаси Ўзбекистон ҳукумати томонидан қалбакилаштирилганини айтмоқда.

А.Одиловнинг укаси Муҳсин Одиловнинг таъкидлашича, акаси ҳақида айтилган салбий гапларнинг бирортаси ҳақиқатга тўғри келмайди. У аслида тўғрисўз, амалдорларнинг камчиликларини юзига айтадиган чапани одам. У Поп агросаноат мажмуига раҳбарлик қилган йилларда жуда катта бунёдкорлик ишларини амалга оширган, ишлаб чиқариш объектлари қурдирган. Бугунги кунда эса ўша корхона ва заводлардан ном-нишон ҳам қолмаган.

А.Одиловнинг яна бир укаси Мўминжон Одилов акасининг биринчи жазо муддати аллақачон ниҳоясига етгани, лекин ҳар сафар қамоқхона тартибини бузганликда айбланиб, қўшимча жазо муддати берилаётганини билдирди.

Маҳкумнинг сафдошларидан бири Убайдулла Исомхоновнинг сўзларига кўра, А.Одиловнинг қамоқдан чиқарилмаётганига сабаб унинг ҳозир ҳукумат тепасида бўлган шахсларнинг жуда кўп сирларидан огоҳлигидир.

“Озодлик” мухбири А.Одилов шахси ҳақида тарихчи олимларнинг ҳам фикрини ўрганди.

Тарихчи Бахтиёр Исоқовнинг фикрича, жамиятда яшаб, унинг таъсирига тушмаслик жуда қийин. Шу маънода, А.Одилов жуда мураккаб шахс. Турғунлик йилларидаги қўшиб ёзишлардан А.Одилов ҳам четда қолган эмас.

“Ўша пайтдаги раҳбарият орасида қўшиб ёзишда, қатағонларда иштирок этмаганлар камдан-кам. А.Одилов каби шахслар ўзи хизмат қилган тузумнинг қурбонига айланган”, - деди олим.

Яқинлари А.Одиловнинг қамоқдан озод этилишига ёрдам беришни сўраб, жаҳондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи барча ташкилотларга мурожаат қилишини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG