Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:40

Улуғбек чекинганларнинг биринчиси бўлишни истамайди


Ҳукуматга ёқмайдиган мақолалари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги фаол ҳаракатлари учун 23 апрель куни номаълум шахс томонидан шафқатсиз калтакланган жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров ўз фаолиятини янги куч билан давом эттиришини билдирмоқда.

У.Ҳайдаров энг биринчи қалам ҳақини 7-синфда ўқиб юрган пайтида олган эди.

“Ўзбекистон ва адабиёт санъати” газетасига босилган мақолаларим учун ўшанда 17 сўм 80 тийин қалам ҳақи олган эдим. Бундан бошим осмонга етганди. Бу пулга у пайтларда икки қоп ун берарди”, - деб эслайди журналист.

У.Ҳайдаровнинг журналистик маълумоти йўқ. Асл касби эса енгил саноат муҳандиси.

Журналистнинг сўзларига кўра, асл касби бўйича ҳам бирмунча вақт ишлаган. Лекин охир-оқибат қизиқиши устун келиб барибир журналистикани танлаган.

У.Ҳайдаров ҳеч қачон ҳукумат матбуотида ишламаган. Ўз фаолиятини “Бахтиёр-Шаҳбоз” мустақил телевидениесида бошлаган.

“Жиззах вилоятида ўқувчилар ва талабаларни пахта теримига жалб қилиш ҳақидаги видеолавҳам “Замон” ахборот дастурида кўрсатилгандан кейин телевидение раҳбари мен билан бошқа ишламаслигини очиқдан-очиқ айтди. Лекин сабаби шу эканини кўрсатмади, албатта. Ўшанда тазйиққа илк марта дуч келгандим”, - дейди журналист.

У.Ҳайдаров кўпгина маҳаллий журналистлар каби ҳокимиятни танқид қилмасдан, юқорининг айтганидан чиқмасдан ишлай олмаслигини, улар сингари гапириш учун юзи ва виждони чидамаслигини таъкидлади.

Журналистнинг икки фарзанди. Бироқ турмуш ўртоғи билан ажрашган.

“Мустақил журналистликнинг аччиқ қисмати менинг оилавий ҳаётимга ҳам раҳна солди, - дейди У.Ҳайдаров. - Умуман, йўқотишларим кўп. Ҳатто устозим билан ҳам ҳозир орамиз ёмон бўлиб қолди. У мени ҳукуматбоп журналистлар қаторига ўтишга ундамоқда”.

У.Ҳайдаров ўзининг калтакланиши фаолият йўналишини ўзгартиришга, танлаган йўлидан воз кечишга мажбур қила олмаслигини билдирди.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда тазйиқ ўтказилган журналистларнинг бирортаси орқага чекинганини кўрмаган.

“Мен бу борада биринчи бўлишни истамайман. Орқага қайтишга йўл йўқ”, - деди У.Ҳайдаров.
XS
SM
MD
LG