Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:50

Агар талаблари бажарилмаса, қизкетганликлар пикетга чиқади


Нукусдаги Қизкетган шаҳарчаси аҳолиси шаҳар ҳокими Жалғас Бердихонов истеъфосини талаб қилиб, пикет ўтказишга тайёргарлик кўраётганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Аҳоли Нукус шаҳри ҳокимини бир неча ҳужжатларни қалбакилаштиришда айблаётир.

Маълум бўлишича, Ж.Бердихоновнинг ўтган йил 19 августдаги қарори асосида Қизкетган шаҳарча фуқаролар йиғини тугатилиб, унинг негизида 6 та маҳалла фуқаролар йиғини ташкил қилинган.

Қизкетганлик Ўринбой Шимбергановнинг айтишича, бу қарор сохта ҳужжатлар асосида қабул қилинган. Чунки ўтган йил 6 августда йиғилиш ўтказилиб, шаҳарча фуқаролар йиғинини тугатмаслик тўғрисида қарор чиқарилган. Бироқ бу йиғилиш баённомаси қалбакилаштирилиб, шу асосда шаҳар ҳокими қарори тайёрланган.

Қизкетган шаҳарча фуқаролар йиғини масъул котиби бўлиб ишлаган Маҳмуд Сатхонбоев шаҳарча раҳбарияти қонунбузарликларга қарши курашиб келгани учун шаҳар ҳокимлигига ёқмай қолганини таъкидлади.

Қизкетган шаҳарча фуқаролар йиғинини тугатиш аслида шаҳарчани тугатиб, унинг Нукус шаҳри таркибидаги маҳаллаларга бўлиб юборилишини англатади.

Нукус шаҳри ҳокимлиги ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Умирбек Султонов бу масалани ҳал этишда ҳеч қандай қонунбузарликларга йўл қўйилмаганини билдирди.

Унинг айтишича, Қизкетган шаҳарчасини тугатиш масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгашининг 2-чақириқ 15-сессияда тасдиқланган.

Қизкетган шаҳарчасида 35 мингга яқин аҳоли яшайди. Аҳолининг яшаш шароити анча оғир.

Қизкетганлик Ў.Шимбергановнинг сўзларига кўра, агар шаҳарча фуқаролар йиғини тугатилмаса, у аҳолининг муаммоларини тезроқ ҳал қилишга ёрдам берарди. Зеро, аҳолининг шаҳар ҳокими билан учрашиши жуда қийин.

Қизкетганликлар бу масалада жуда кўп ташкилотларга мурожаат қилгани, лекин натижа бўлмаганини айтмоқда.

Уларнинг эътирофича, Нукус шаҳри ҳокими Ж.Бердихонов ўз вазифасидан кетмас экан, бу масала ҳам ҳал бўлмайди. Яқинда 1200 фуқаро номидан юқори ташкилотларга яна бир шикоят хати жўнатилган. Агар вазият яхши томонга ўзгармаса, улар пикетга чиқмоқчи.
XS
SM
MD
LG