Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:24

“Эрк” қурултойга тайёргарлик кўрмоқда


“Эрк” демократик партияси ташкил топганининг 15 йиллигига бағишлаб Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида партиянинг навбатдаги қурултойи яқин кунларда чақирилиши эълон қилинди.

Партия бош котиби Отаназар Ориповнинг билдиришича, қурултойга ҳар 200 аъзодан битта делегат сайланади. Унда жами 100 делегат иштирок этади. Шубҳа ва гумонларга ўрин қолдирмаслик мақсадида йиғилган имзоларнинг ҳаққонийлигини текшириш учун комиссия тузилади.

ЭДП ташкил этилганига 15 йил тўлиши арафасида партиянинг яна бир аъзоси - Салавот Умрзоқов ҳибсга олинди.

О.Ориповнинг сўзларига кўра, партия фахрийси, унга аъзо бўлгани учун илгари қамалиб чиққан С.Умрзоқов 1994 йилдан буён ҳар ойда ички ишлар бўлимига чақиртирилиб, ундан “мен сиёсат билан шуғулланмайман” мазмунида тилхат олиб турилган. Яқинда у ҳар қандай шароитда ҳам бошқа тилхат ёзиб бермаслигини айтган эди. Шунинг учун орадан сал муддат ўтиб, у милиционерлар томонидан ҳибсга олинган.

О.Орипов айни пайтда С.Умрзоқовнинг қаерда экани партия раҳбариятига ҳам, унинг оила-аъзоларига ҳам номаълум эканини билдирди.

Матбуот анжуманида мухолифатнинг бирлашуви масаласи ҳам муҳокама этилди.

О.Ориповнинг таъкидлашича, бирлашувни эълон қилишдан аввал маълум ҳужжатлар қабул қилиниши, коалицияга бирлашадиган мухолифатдаги сиёсий кучлар ўртасида битимлар тузилиши лозим. Улар ҳаракат йўналишини белгилаб олиши керак.

“Ҳозир шу масалалар устида муҳокама бормоқда. Айни пайтда бир нарса аниқ. Биз бу ҳокимиятдан ўзимиз учун бирор яхшилик кутаётганимиз йўқ. Кутавериб чарчаганмиз”, - деди О.Орипов.

О.Орипов “Эрк” партияси бундан буён сиёсий фаоллигини оширишини маълум қилди.

Ўтган 15 йил давомида “Эрк” ўз ҳаракатлари билан бирор бир сезиларли натижага эришгани йўқ.

Партия аъзоси Бахтиёр Исабековнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, ҳукумат турли йўллар билан “Эрк” номини қоралаш, партия фаолиятини сусайтиришга уринмоқда. Шу билан бирга, партиянинг ичида ҳам ҳукумат шароитига мослашишга интилувчилар мавжуд.

“Чойхона партия”сига айланиб қолишимизга ўзимизнинг сабабларимиз кўпроқ. Эркчиларнинг жуда кўпчилиги ишсиз, маблағсиз қолди. Улар сиёсий фаолият эмас, тирикчилик билан шуғуланишга мажбур бўлди”, деди Б.Исабеков.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, “Эрк”нинг Ўзбекистон мустақиллигига қўшган ҳиссаси жуда катта. Аммо, шунга қарамай, айни пайтда партия жуда мўртлашиб қолган. Гарчи “Эрк”нинг ғоялари жуда кучли бўлса-да, уларни амалга ошириш йўллари йўқ. Партиянинг Ўзбекистонда қолган аъзолари фаолиятининг асосий йўналиши ўзининг шахсий хавфсизлиги ва ижтимоий-иқтисодий таъминотига қаратилиб қолган. Яъни улар сиёсий фаолиятдан узилиб қолган.
XS
SM
MD
LG