Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:33

Бугун Андижон фожиаси юз берганига бир ҳафта бўлди


Андижон шаҳри ҳозир ҳам ҳарбийлар назоратида. Жума намозини ўқиш учун шаҳарнинг Девонабой масжидига одатдагидан камроқ одам борди. Пайшанба куни кечқурун Ўзбекистон президенти Ислом Каримов БМТ Бош котиби Кофи Аннан билан телефон орқали сўзлашди. Мулоқот чоғида Андижон воқеалари муҳокама этилди. Расмий маълумотларга кўра, Андижон фожиасида 169 одим нобуд бўлган. Лекин халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ва Ўзбекистон мухолифати вакиллари Андижон фожиасида мингдан ортиқ одам ўлган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош котибига Андижон воқеалари юзасидан халқаро тергов ўтказиш зарурати йўқлигини билдирган. Ислом Каримов Андижонда вазият назорат остига олингани ҳамда тартибсизликлар учун масъул шахслар жавобгарликка тортилишини маълум қилган.

Андижондаги сўнгги вазиятга оид маълумотларни ўша ердаги ҳамкоримиз Турғунбекдан эшитамиз.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассислари Ўзбекистон ҳукуматидан Андижонга бориб у ердаги вазият билан яқиндан танишишга рухсат берилишини сўради.

Ташкилот баёнотига кўра, БМТнинг ноқонуний ва ўзбошимча жазони ижро этиш масалалари бўйича махсус мутахассиси Филип Алстон 13 май куни Ўзбекистон ҳукумати кучлари Андижондаги намойиш қатнашчиларига қарата ўт очгани оқибатида юзлаб одам, жумладан аёллар ва болалар ўлган бўлиши мумкинлигидан чуқур ташвишда экани билдирилади.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги матбуот вакили Хосе Диазга кўра, ташкилот таклифи пайшанба куни Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этилганига қарамай, ҳозирча жавоб олинмаган.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сизоқ туманидаги Қорадарё қишлоғида Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидан қочиб ўтган бошюздан ортиқ одам яшамоқда.

20 май куни бу лагерда яшаётган ўзбекистонлик қочқинлар дунё ҳамжамиятига йўллаган мурожаатларини халқаро оммавий ахборот воситалари мухбирларига ўқиб эшиттирдилар.

Мурожаатда халқаро ҳамжамият Андижондаги воқеаларга холис баҳо бериши зарурлиги, қочқинлар ва уларнинг Андижонда қолган қариндошлари ҳаётига Ўзбекистон ҳукумати томонидан тахдид қилиниши мумкинлиги тўғрисида гап боради.

Шунингдек, Ўзбекистонлик қочқинлар етти кишидан иборат сиёсий қичоқлар қўмитасини тузганликларини ҳам эълон қилдилар. Қўмита аъзолари исм-шарифлари ҳозирча сир сақланмоқда. Бу қўмита аъзоларидан бирининг Озодлик радиоси мухбирига айтишича, сиёсий қочоқлар қўмитаси Қирғизистонда яшаётган ўзбекистонлик қочқинлар номидан фаолият кўрсатади.

Қирғизистон ўзбекистонлик қочқинларга бошпана, озиқ-овқат бергани ва уларга тиббий ёрдам кўрсатгани учун АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси бугун Қирғизистон ҳукуматига миннатдорлик мактуби йўллади.

Ўзбек қочқинларига ғамхўрлик кўрсатишда БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилгани учун АҚШ элчихонаси Қирғизистон ҳукуматига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Айни пайтда, бугун Қирғизистон хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ўртасида учрашув бўлиши режалаштирилган. Сўзлашув чоғида ўзбек-қирғиз чегарасининг зўравонликлар юз берган қисмида хавфсизлик чораларини кучайтириш тўғрисидаги Ўзбекистон томони таклифи муҳокама этилиши кутилмоқда.

Бугун Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Тақсим майдонида Андижон воқеалари норозилик намойиши бўлиб ўтди.

Анқара шаҳрида ҳам шу каби норозилик намойиши ўтказилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG