Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:07

Туркман поезди тошбўрон қилинди


Яқинда Туркманистоннинг Ашхобод-Тошҳовуз йўналишида қатнаётган йўловчи поезди Хоразм вилоятининг Питнак шаҳри шоҳбекатида тўхтамай ўтгани учун тошбўрон қилинди.

Хабарларга қараганда, беш юзга яқин киши иштирокида содир бўлган ушбу воқеа оқибатида поезд йўловчиларидан бир нечаси шикастланган. Поезд машинисти эса оғир тан жароҳати олган.

Воқеа гувоҳларининг билдиришича, ҳар доим Питнакда тўхтаб ўтадиган поезд тўхтамай ўтиши бу ерда кўпчилик йиғилиб қолишига сабаб бўлган. Поезд қайтишини кутган одамлар катта гулхан ёқиб уни тўхташга мажбур қилган. Кейин эса поезд тошбўрон қилинган.

Мазкур поезд Ашхободдан Тошовузга кетишда ва қайтишда Питнакда ҳар куни икки марта 30 дақиқа тўхтаб ўтади. Шу пайтда темир йўл бекати катта бозорга айланади. Юзлаб кишилар поезд йўловчиларидан турли маҳсулотларни арзонга харид қилиб, кейин Питнак ва Ҳазорасп бозорларида сотиб, тирикчилик ўтказади.

Питнакликларнинг айтишича, поезднинг тўхтамай ўта бошлаши сабабли кўплаб оилаларнинг тирикчилиги оғирлашган.

Питнак шаҳрида 16 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Уларнинг кўпчилиги ишсиз бўлиб, юзлаб кишилар тирикчилик ниятида Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетган.

Питнак шаҳри ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Туркманистон поездининг тошбўрон қилиниши воқеаси юзасидан ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган. Воқеа эртасига вилоят раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, аҳолига ёрдам кўрсатиш ваъда қилинган.

Маълум бўлишича, тошбўрон қилинган Туркманистон поезди Питнакда ҳамон тўхтамай ўтяпти.
XS
SM
MD
LG