Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:11

“Озод Ватан” ёрдамга шошилади


Хоразм вилоятида “Озод Ватан” нодавлат нотижорат жамияти ташкил этилди. Бу ташкилот қўшни давлатларга иш излаб кетиб, турли сабабларга кўра уйига қайта олмаётган хоразмликларни юртига қайтаришга кўмак беришни мақсад қилган.

Шунингдек, жамият аъзолари диний экстремистик гуруҳларга қўшилиб, хорижга кетиб қолган шахсларни қонуний йўллар билан ўз уйига, оиласига қайтаришга ёрдам беришни ҳам ўз зиммасига олмоқчи.

Сўнгги ўн йил давомида хоразмлик ишга яроқли аҳолининг катта қисми ишлаб пул топиш учун Россия ва Қозоғистонга кетган. Урганч туманидаги Бекобод қишлоғининг ўзидан 500 дан ортиқ киши шу мақсадда ўзга юртларда юрибди.

Бироқ хорижга кетганларнинг ишлари ҳар доим ҳам силлиқ кетаётгани йўқ. Улар орасида фирибгарлар қўлига тушиб, оғир аҳволда қолаётганлари оз эмас. Хорижда қул сифатида ишлатилаётган хоразмликлар ҳам учрайди.

“Озод Ватан” жамияти айнан шу каби вазиятларга тушган юртдошларига ёрдам қўлини чўзишдек хайрли ишга қўл урган.

Жамият раиси Бахтиёр Мадраҳимовнинг сўзларига қараганда, “Озод Ватан” диний экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолган шахсларни қайтариш билан ҳам шуғулланади.

“Аввал турли жойларда бу каби йигитлар билан гаплашганмиз. Уларнинг 50-60 фоизи юртга қайтишни истайди. Аммо уларда жазога тортилишдан қўрқиш бор”, - деди Б.Мадраҳимов.

Маълумотларга кўра, диний экстремистик гуруҳлар таркибига қўшилиб, хорижда юрганлар вилоятда юз нафар бўлиб, уларнинг барчаси устидан жиноят иши қўзғатилган.

Б.Мадраҳимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон президентининг ўз қилмишига пушаймон бўлиб, кечирим сўраб қайтган йигит-қизлар жиноий жавобгарликдан озод қилиниши ҳақида фармойиши бор. Шу фармойишга асосланиб, “Озод Ватан” жамияти қайтган йигит-қизларни тўлиқ ҳимоясига олади.

“Озод Ватан” “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг вилоят бўлими билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Мазкур бўлим раҳбари Қаландар Самандаровнинг айтишича, “Озод Ватан” қилишни режалаштирган ишларни ҳуқуқ-тартибот органларни бажарса, хорижда юрганларда шубҳа уйғотиши мумкин. “Озод Ватан” эса норасмий ташкилот бўлгани сабабли маълум маънода ишончга эгадир.

Маълум бўлишича, “Озод Ватан” жамияти таъсисчилари ва аъзолари орасида фарзандлари ёки яқин қариндошлари экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетган шахслар бор.
XS
SM
MD
LG