Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:05

Улуғбек Каттабоев устидан жиноят иши қўзғатилди


“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти Зомин тумани бўлими раҳбари Улуғбек Каттабеков устидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Айблов хулосасига кўра, У.Каттабеков инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида ўзи ҳимоя қилган шахслардан пул олган.

У.Каттабековнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, у Зомин туманининг Бешкуби қишлоғидаги ичимлик сув муаммосини кўтариб чиққан, бу ҳақда “Озодлик” радиосида эшиттириш ҳам тайёрлангандан кейин уйига милиция ходимлари бир неча марта бостириб келган.

У.Каттабеков ўзига қўйилган айбга изоҳ билдирар экан, жамият низомида фуқароларнинг хайрия бадали ҳисобига фаолият кўрсатиш мумкинлиги белгиланганини таъкидлади.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг билдиришича, айблов томони гувоҳлари милиция ходимлари тазйиқи остида унга қарши кўрсатма берган. Унинг қўлида гувоҳлардан зўрлаб кўрсатма олингани ҳақида далиллар бор.

Айни пайтда У.Каттабековдан яшаш жойидан ташқарига чиқмаслик ҳақида тилхат олинган. Жиноят иши юзасидан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси тергов олиб бормоқда.

“Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятованинг сўзларига қараганда, У.Каттабеков кўтариб чиққан муаммоларнинг илдизлари мансабдор шахсларга бориб тақалган.

“Мансабдор шахслар ҳуқуқ ҳимоячилари кўтарган муаммолар бу ёқда қолиб, уларнинг ўзларига ҳужум қилишга ўч бўлади. Мен У.Каттабеков устидан қўзғатилган жиноят иши бўйича Жиззах вилояти ҳуқуқ-тарғибот органлари раҳбарлари билан гаплашдим. Улар иш адолатли кўриб чиқилишига ваъда берди. Бироқ мансабдор шахслар ҳуқуқ ҳимоячисидан ўч олишга, керак бўлса, қаматишга ҳам боради”, - деди В.Иноятова.
XS
SM
MD
LG