Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:16

Санжар Умаровнинг Москвага “сирли” сафари


“Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси раҳбари Санжар Умаров россиялик сиёсатчилар ва юқори доирадаги ишбилармонлар билан учрашиш учун 27 июнь куни Москвага жўнаб кетди.

Коалиция тарқатган хабарда ёзилишича, бу учрашувларда, асосан, нефть, газ, кон, енгил ва пахта тозалаш саноатлари, телекоммуникация ва Марказий Осиёда транспорт соҳаси масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, учрашувларда Андижон воқеалари юзасидан суҳбатлашиш ҳам режалаштирилган.

С.Умаровнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, Ўзбекистонда Россиянинг жуда кўп бизнес лойиҳалари мавжуд. Мазкур лойиҳалар эгалари билан уларнинг Ўзбекистондаги режалари хусусида суҳбатлашиш мўлжалланган.

С.Умаров бу сафар россиялик бир қанча ташкилотларнинг таклифи асосида амалга оширилаётганини билдирди.

“Менимча, Россия Ўзбекистондаги мухолифат билан ҳам музокаралар олиб бориши керак. Чунки куни келиб, мухолифат барибир ҳокимият тепасига келади”, - деди С.Умаров.

Ўзбекистонлик таҳлилчилар орасида “Серқуёш Ўзбекистон” коалициясининг сиёсат майдонига кириб келиши мамлакат келажаги ва халқ манфаатига ижобий хизмат қилишига ишонч билдираётганлар озчиликни ташкил этади.

Жумладан, жамиятшунос Баҳодир Мусаев коалиция ташкил этилиши ва унинг раҳбари С.Умаров ўзи учун жуда шубҳали эканини билдирди.

“Ўзини мухолифат ҳаракати сифатида кўрсатаётган бу коалиция, менинг фикримча, Россия ва Ўзбекистон махсус хизматлари лойиҳаси асосида ташкил этилган. Зеро, С.Умаров Ўзбекистон ҳукуматининг юқори доираларига жуда яқин одам. Уни илгари ҳеч ким танимасди. У тўсатдан пайдо бўлди ва дастлабки чиқишларидаёқ “Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси мамлакатдаги ягона мухолифат экани тўғрисида жар солди”, - деди жамиятшунос.

Б.Мусаев аввалига коалицияга умид билдирган аксарият мухолифатчилар уни тарк этганини таъкидлади.

Коалицияни тарк этгани айтилаётган ташкилотлардан бири Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятидир. Унинг раиси Толиб Ёқубов аслида бу тузилмага умуман аъзо бўлмагани билдирмоқда.

Т.Ёқубов коалиция ичидаги гап-сўзлар ҳозир ҳам ўзига қоронғу эканини, бу ерда қандайдир ўйин кетаётгани тўғрисида хулосага келганини маълум қилди.

“С.Умаровнинг “Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси раҳбари сифатида Москвага йўл олиши ёки АҚШ давлат котиби Кондолиза Райсга мактуб йўллаши ана шу бошланган ўйиннинг давоми”, - деди Т.Ёқубов.

Айрим манбаларга кўра, С.Умаровнинг Москвага сафари Россиядаги “Сиёсат” жамғармаси раҳбари Вячеслав Никонов таклифи асосида бўлмоқда.

Шу ўринда эслатиш керакки, В.Никонов бошчилигидаги россиялик сиёсатчилар гуруҳи жорий йил 10 июнда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашганди. Шундан кейин В.Никонов Андижон воқеаларининг халқаро комиссия томонидан текширилиши масаласига муносабат билдириб: “Ўзбекистон миллий давлатчилик борасида катта тажрибага эга давлат ва мамлакатда юзага келган ҳозирги нотинч вазиятни Ўзбекистон раҳбарияти ўзи ҳал қила олади”, - деган эди.
XS
SM
MD
LG