Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:31

Туркман фуқаролари Хоразмда даволанишни маъқул кўрмоқда


Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Хоразм вилояти билан чегара ҳудудларида яшовчи фуқаролари турли йўллар билан қўшни давлатдаги шифохоналарда даволанишни афзал кўрмоқда.

Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов вилоятлардаги барча шифохоналарни ёпиб, Ашхабоддаги марказий шифохоналарни кенгайтиришга кўрсатма берганидан сўнг туркманлар учун қўшни давлатга ўтиб даволанишдан бошқа имкон қолмади.

Хоразмга ўтиб даволанаётганларнинг асосий қисми Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятида яшайди. Айни пайтда Хоразмга даволаниш учун келаётганлар туркман фуқаролари сони сезиларли даражада ортган.

Тошҳовузлик Гулбаҳор опанинг сўзларига қараганда, тошҳовузликлар азал-азалдан Хоразмга ўтиб даволанишни афзал кўрган. Чунки Туркманистонда тиббий хизмат даражаси аввалдан анча паст. Ҳатто вилоят марказларида фаолият кўрсатаётган ташхис марказлари ҳам талаб даражасида ишламайди.

Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Ҳайитбой Дўстжонов туркман фуқаролари Хоразм шифохоналарида даволанаётганини тасдиқлади.

“Ҳозир Туркманистондан бизга келаётган беморлар сони сал кўпайгандек. Бу бизни хурсанд қилади. Чунки бу ҳолат чет эл фуқаролари врачларимиз ишини юқори баҳолаётганидан дарак беради”, - деди Ҳ.Дўстжонов.

Унинг айтишича, туркманистонлик беморларга шошилинч хизмат бепул бўлиб, режали даволашдагина шартнома асосида пуллик хизмат кўрсатилади. Уларга белгиланган нархлар Ўзбекистон фуқаролариники билан бир хил.

Хоразмдаги “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг билдиришича, туркманистонлик фуқаролар Хоразмга ўтиб даволанишда бир қанча қийинчиликларга дуч келяпти. Масалан, беморлар яшаш жойидан жуда узоқда жойлашган чегара постлари орқали ўтиши керак. Бу эса аҳволи оғир беморга қўшимча ташвиш бўлади.

Тошҳовузлик Гулбаҳор опа таъкидлашича, даволанишга келаётган кўпчилик туркманлар чегарадан яширинча, ноқонуний йўллар билан ўтишга мажбур бўляпти. Бундан ташқари, Ўзбекистонда даволаниш учун зарур маблағни ҳамма ҳам топавермайди. Чунки туркманлар орасида ҳам ижтимоий ночор яшаётганлари жуда кўп.

Расмий маълумотларда жорий йилнинг 6 ойида Туркманистоннинг 8 фуқароси Хоразмда даволангани айтилади. Аммо кузатувчилар аслида Хоразмга ўтиб даволанаётганлар сони анча кўп эканини, уларнинг аксарияти қўшни давлат фуқароси эканини билдирмаслигини таъкидлайди.

Бу ҳолатни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили Ҳ.Дўстжонов ҳам тан олди.

“Белгиланган маблағни тўламаслик учун туркман фуқаролари Хоразмдаги қариндошларининг ҳужжатларини кўрсатиб даволаниши ҳолатлари учраб туради”, - деди Ҳ.Дўстжонов.
XS
SM
MD
LG