Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:56

Оддий фуқаро прокуратура ходимларини ва газетани судга берди


21 июнь куни Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида яшовчи фуқаро Хуршида Мелиеванинг вилоят прокуратураси нашри бўлмиш “Адолат йўли” газетасига нисбатан берган даъво аризаси судда кўрила бошлади.

Х.Мелиеванинг айтишича, эри билан ажрашгач, суд оила мулки “Дамас” автомобилини сотиб, пулини томонларга тенг бўлиб бериш тўғрисида қарор чиқарган. Прокуратура бу қарорга протест киритгач, иш қайта кўриб чиқилиши арафасида “Адолат йўли” газетасида вилоят прокуратураси бўлим прокурори Муҳаммаджон Абдуллажонов ва вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Раҳматжон Абдураҳимов имзоси билан “Дамас” даъвоси” сарлавҳали мақола босилган.

Х.Мелиева ушбу мақолада суд қарори юзасидан келтирилган протест қўллаб-қувватлангани, ўзи эса қораланганини таъкидлади. Шундан сўнг у ўз ҳуқуқларини бузилган ҳисоблаб, прокуратура ходимлари ва “Адолат йўли” газетасини судга берган.

21 июль куни ўтказилган суд мажлисига “Адолат йўли” газетаси вакиллари қатнашмади. Улар бу ишда қатнашиш ниятида эмаслигини, даъво бўйича прокуратура ходимларининг ўзлари жавоб бериши лозимлигини айтмоқда.

Суд мажлисида даъвогар ҳали ниҳоясига етмаган иш юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали қатъий ҳукм чиқариш мамлакат қонунчилигига зидлигини билдирди.

Судьянинг мазкур даъвони кўриб чиқишдан олдин Х.Мелиеванинг эру хотин ўртасидаги мол-мулкни бўлиш иши юзасидан қарор чиқариш таклифига даъвогарнинг жамоатчи ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева кўнмади. М.Тожибоева агар эру хотин ўртасидаги иш кўрилиб, қарор эр фойдасига чиқарилса, газета ва прокуратура ходимлари устидан киритилган даъво ўз-ўзидан йўққа чиқишини таъкидлади. М.Тожибоева ишни бундай усулда бошлаган судьяга ишониб бўлмаслигини билдириб, даъвогар томон уни рад этишини маълум қилди.

Шундан сўнг янги судья тайинлангунга қадар суд жараёни тўхтатиб турилишига қарор қилинди.
XS
SM
MD
LG