Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:04

Бўҳтон ёмон, аммо бўҳтонни ҳақиқат дейиш ундан ёмон


“Қадрият” газетасининг 2 июль кунги сонида журналист Ортиқ Саидовнинг “Қамчидин, найзидин бўҳтон ёмондир” сарлавҳали мақоласида фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маъмуржон Мисиралиев фаолияти қораланади.

Мақолада айтилишича, М.Мисиралиев ўзи яшаётган Ўзбекистон туманидаги ҳалол ишлаётган, ишбилармон амалдорларга туҳмат қилганликда, уларнинг ишига халақит бераётганликда айбланади.

“Орамизда ҳалол меҳнати билан эл корига яраётган тадбиркорларни, ишбилармонларни кўра олмайдиган, уларнинг устидан ёзмаса тура олмайдиган бахил кишиларнинг борлиги ачинарли”, - дейилади мақолада ва гўёки М.Мисиралиев “кўра олмайдиган” кишиларнинг, хусусан, “туҳмат остида қолган” “Қўрғонча” фуқаролар йиғини раисининг фикрлари келтирилган.

Аммо М.Мисиралиев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ёзган шикоят хатларининг барчаси тўлиқ далил-исботларга асосланганини билдирди. У, шунингдек, “Қадрият” газетаси мухбири ўзи билан учрашмагани, шундай бўлса-да, “биз билан учрашишни хоҳламади”, деб ёзганини маълум қилди.

“Қадрият” газетаси бош муҳаррири Тўрахўжа Эрхўжаев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўз мухбири Фарғонага борганида М.Мисиралиев шикоятларида келтирилган фактлар ўз тасдиғини топмаганини таъкидлади.

М.Мисиралиев аъзо бўлган “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева мақолада ҳуқуқ ҳимоячисини айблаган шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ўз қўлида вилоят прокуратурасидан келган махсус хат борлигини билдирди.

“Мақолада ўзини ишбилармон, тадбиркор сифатида таърифлаган “Ўзбекистон” ширкат хўжалиги раиси Расул Ҳамдамов масаласида вилоят прокуратурасидан келган хатда ёзиляптики, 2005 йил 25 январь куни ширкат раиси Р.Ҳамдамов ва бош ҳисобчи Абдулла Азизов Маъмурий жавобгарлик кодексининг 175-моддаси 3-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилган”, - деди М.Тожибоева.
XS
SM
MD
LG