Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:49

МММга янги раҳбар тайинланди


Бир неча йил илгари раҳбарсиз қолган Миллий матбуот маркази раислигига Ўзбекистон радиосининг собиқ бошлиғи, журналист ва шоир Фахриддин Низомов тайинланди.

Ф.Низомов шу йил апрель ойида кутилмаганда радио раҳбарлигидан бўшатилган ва шу пайтгача жамоатчилик назаридан четда қолиб келаётган эди.

1998 йилдан мустақил жамоатчилик ташкилоти сифатида фаолият юритиб келаётган Миллий матбуот маркази таниқли журналист Амирқул Каримов раҳбарлигида иш бошлаган. Ўз вақтида Ўзбекистондаги хорижий ва маҳаллий журналистлар Миллий матбуот марказига йиғилиб, долзарб мавзуларда фикр алмашар ва мана шундай давраларга тегишли расмий идоралар вакиллари ҳам чақирилар эди.

2003 йил март ойида А.Каримов Миллий матбот маркази раислигидан бўшатилди. Шундан сўнг марказ фаолияти бугунги кунгача деярли сезилмади.

Миллий матбуот марказининг 1998-2003 йиллардаги фаолиятини эслар экан, адабиётшунос, шоир ва журналист Раҳимжон Раҳмат бу давр анча самарали бўлганини таъкидлади.

“Ҳар ойда журналистлар Ўзбекистоннинг катта сиёсий амалдорлари билан учрашарди. Улар билан оғриқли масалаларда савол-жавоб ўтказиларди. Ўша пайтларда маҳаллий журналистлар “бизда ҳам демократия бошланяпти”, деган маънода кўзлари йилтиллаб қолган эди. Амирқул Каримов ишдан олингандан кейин марказ ҳозиргача ўз функциясини бажармаяпти”, - деди Р.Раҳмат.

“Озодлик” мухбири Миллий матбуот марказининг бундан кейинги фаолияти қандай бўлиши ҳақида янги раҳбар Ф.Низомовга мурожаат этганида, у аввал ишни бошлаб олиши зарурлиги, шундан кейингина бу каби саволларга жавоб қайтариши мумкинлигини билдирди.

Журналист Шароф Убайдуллаевнинг таъкидлашича, марказга ким раҳбар бўлишидан қатъи назар бундан кейин у, худди аввалгидек, эркин фаолият юргиза олмайди. Чунки Ўзбекистондаги бугунги сиёсий бошқарув муҳитида бунга имкон йўқ.

Ш.Убайдуллаевнинг эътирофича, Миллий матбуот марказида хориждаги шу каби ташкилотлардан фарқли ўлароқ, мамлакатдаги журналистлар қалбида чарсиллаб турган энг долзарб масалалар ҳеч қачон муҳокамага қўйилмаган. Яқин келажакда ҳам бу борада ўзгариш бўлиши даргумон.
XS
SM
MD
LG