Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:43

Бир президент ва икки гадой аёл ҳақида “ҳангома”


Хонадонма-хонадон юриб, тиланчилик қилиб сўраб кун кечирадиган қўшкўпирлик икки аёл Ўзбекистон президентидан ёрдам сўраш учун учинчи марта Тошкентга боришга тайёргарлик кўрмоқда.

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида яшовчи Ойпошша Шомуродова ва Солия Хўжабоеванинг шу мақсадда пойтахтга қилган икки сафари ҳеч қандай натижасиз тугаганди. Улар биринчи марта Тошкентга келганда президент ўтадиган йўлда тура-тура пули тугаб, қайтиб кетганди.

Иккинчи сафар эса уларни ўзини президент девонида ишловчи Муҳаббат Аширова деб таништирган аёл кутиб олганди.

“У бизни анча сарсон-саргардон қилиб, Чилонзордаги ошхонага олиб кирди. Бу ерда бир оқ сочли одамга бизни гум қилишни топширди. Буни эшитиб, бир амаллаб қочиб қолдик. Яхши одамлар ёрдами билан Хоразмга қайтиб келдик”, - дейди О.Шомуродова.

Бу сафар икки тиланчи аёл фақат ўзларига эмас, ижтимоий ночор аҳволда яшаётган барча қўшкўпирликлар учун президентдан ёрдам сўрамоқчи.

“Садақа сўраб, пул йиғяпмиз. Яқинда Тошкентга қараб йўлга чиқамиз. Кўп одам бизга президентга етказиш учун хатлар ёзиб берди. Бормасак бўлмайди. Бу ердаги раҳбарларнинг қорни оч билан ҳеч қандай иши йўқ”, - деди О.Шомуродова.

68 ёшли С.Хўжабоева ва 46 ёшли О.Шомуродова икки йилдирки, садақа сўраб, тирикчилик ўтказади.

3 ўғил, 3 қизнинг онаси, 22 набира, 8 эваранинг бувиси Солия момо Қўшкўпир тумани стадионига қарашли бир хона, бир даҳлиздан иборат уйда 3 йилдан буён 10 ёшли набираси билан яшайди.

О.Шомуродованинг уйи эса казо-казоларнинг данғиллама иморатлари қаторида ғариб кулбани эслатади. Кичкинагина икки хонадан иборат бу уйчада битта эски сандиқ ва кроват, олинганига 30 йил бўлган “Рекорд” телевизордан бошқа ҳеч нарса йўқ.

О.Шомуродованинг айтишича, икки фарзанди мактабда ўқийди. Ўтган ўқув йилида кийишга кийимлари бўлмагани сабабли болалар мактабга тўлиқ қатнай олмаган. Ҳозир ҳам мактабга тайёргарлик кўриш учун маблағи йўқ.

Бу икки ночор аёл ёрдам сўраб кўп ташкилотларга мурожаат қилган. Лекин гадой хотинларнинг дардини ким ҳам тинглайди, дейсиз. Энди балки президент тинглар!?
XS
SM
MD
LG