Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:20

Миграция хизмати қарори ижобий бўлишига умид бор


8 август куни Россия миграция хизмати 18 июнда Ивановода ҳибсга олинган этник ўзбекларнинг бошпана сўраб қилган мурожаатини қабул қилди. Бу эса уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши масаласи кўриб чиқилишини орқага суради.

Ўзбекистон Бош прокуратураси сўрови асосида ҳибсга олинган 14 ўзбекнинг иккитаси Россия фуқароси ҳисобланади. Шунинг учун улардан 12 нафари Россиядан бошпана сўрамоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бу фуқароларни Андижон воқеаларининг содир этилишига четдан туриб аралашганликда гумон қилиб, мамлакат Жиноят кодексининг 8 моддаси бўйича айбламоқда ва Россиядан уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилишни сўрамоқда.

Гумонланувчиларнинг бошпана сўраган мурожаати қабул қилиб олингани боис, экстрадиция масаласини кўриб чиқиш 3 ойга сурилиши мумкин. Чунки бошпана бериш масаласини кўриб чиқиш жараёни мавжуд тартиб-қоидаларга кўра 3 ой давом этади.

Ўзбекистон томони воқеанинг бундай кутилмаган тус олганига муносабат билдиришни истамаётир.

Россияда ҳибсга олинган ўзбекларнинг ҳуқуқий ҳимояси билан шуғулланаётган ҳуқуқшунос Светлана Мартинованинг “Озодлик” мухбирига айтишича, бу фуқароларга террорчилик, Ўзбекистондаги конституциявий тузумга тажовуз қилиш, қўпорувчилик, жиноий уюшма ташкил этиш каби айблар қўйиляпти. Уларга бу айблов Андижон воқеалари муносабати билан эълон қилинган.

“5 кун ичида миграция хизмати уларнинг мурожаатини кўриб чиқиш-чиқмаслик ҳақида қарор қабул қилиши керак. Ҳозир биз бу қарор ижобий бўлишига умид қиляпмиз”, - деди С.Мартинова.

Воқеалар ривожини кузатиб бораётган ўзбекистонлик таҳлилчилар ҳибсга олинган ўзбеклар юртига дарҳол юртига қайтариб берилишини тахмин қилаётган эди. Чунки, уларнинг фикрича, илгари Россия бу каби ҳолатларда гумонланувчиларни юртига экстрадиция қилган.

Маълумотларга кўра, Ивановода ҳибсга олинган ўзбеклар асли андижонлик Қобул Қосимхўжаев томонидан бу ерда ташкил этилган “Ростекс” фирмасида турли вақтлардан буён ишлаб келган. Бу шахсларнинг бирортаси Андижон воқеалари юз берган вақтда Ўзбекистонда бўлмаган. Ҳуқуқ ҳимоячилари уларнинг Андижон воқеаларига алоқадорлигини инкор қилмоқда.
XS
SM
MD
LG