Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:30

Ўзбекистон президенти ҳарбийларга ғамхўр бўлиб боряпти


Куни-кеча Ўзбекистон президентининг мамлакат Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларни ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

Қарорда белгиланишича, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ҳарбийларнинг мансаб маошлари 1,2 баробар, ҳарбий хизматдан бўшатилиш чоғида бериладиган нафақа миқдори 2 баробар оширилади.

Ҳарбий хизматчи, Мудофаа вазирлигининг “Ватанпарвар” газетаси бўлим мудири Абдураззоқ Обрўев янги қарор бўйича маошларга қўшимча бериладиган устама ҳақ миқдорининг кўпайтирилганидан ҳарбийлар мамнун эканини билдирди. Унинг айтишича, қарорда 3 йилдан беш йилгача хизмат қилаётганларга 15 фоиз, 5 йилдан 10 йилгача – 25 фоиз, 10 йилдан 20 йилгача – 30 фоиз миқдорида устама ҳақ тўланиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 1 июль куни ҳам мамлакат раҳбари контракт асосида хизмат қилаётган, аммо уй-жой билан таъминланмаган ҳарбийларга турар жойни ижарага олганлик учун товон пуллари бериш ҳақида қарор чиқарган эди. Орадан икки ой ўтмай чиқарилган янги қарорни ҳам ҳарбийлар жуда яхши кутиб олди. Чунки, кузатувчиларнинг айтишича, ҳозир бюджетдан энг катта оладиганлар тоифаси ҳам ҳарбийлардир. Ўрта бўғин офицерларининг ўртача ойлик маоши 150-200 минг сўмни ташкил этади.

Ҳукумат айнан ҳарбийлар ҳаёт тарзини яхшилашга бу қадар жиддий эътибор қаратаётгани кўпгина мулоҳазалар туғдирмоқда.

Собиқ ҳарбий офицер Ҳошимбек Ирисбоев бу масалага атрофлича ёндашиш зарурлигини таъкидлайди. Унинг сўзларига қараганда, биринчидан, ҳарбийларнинг маоши ошгани яхши. Бу уларнинг турмуш тарзини яхшилашга ёрдам беради. Иккинчидан, ҳарбийларга имтиёзлар яратилаётганига ўзига хос сабаблар бор. Яъни ҳукумат ҳарбийларнинг ўзига мойиллигини янада кучайтириш ниятида.

Ҳ.Ирисбоев ҳозир Ўзбекистонда ҳукуматга энг содиқ қатлам ҳарбийлар эканини, шунинг учун бюджет танглигига қарамай, давлат улардан ҳеч нарсани аямаётганини билдирди.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ҳукуматнинг ҳарбийларга ғамхўрлиги кучайиб бораётганининг бошқа сабабларига тўхталди. Унинг фикрича, Андижон воқеаларидан кейин ҳарбийлар ва оддий халқ ўртасида ўзаро ишончсизликка ўхшаш ҳолат пайдо бўлган. Бошқа томондан, ҳукумат ҳарбийларнинг ижтимоий норозилигидан чўчимоқда.

“Ижтимоий-иқтисодий инқироз кучайиб бораётган бир пайтда ҳукумат халқдан ҳам, ҳарбийлардан ҳам чўчияпди. Ҳозир ҳукумат кимга таянишни билмайди. Айни ҳолатда у ҳарбийларнинг кўнглини олишга уриняпти”, - деди сиёсатшунос.

Ҳарбий офицер А.Обрўев юқоридаги қарашларни рад этди. Унинг таъкидлашича, ҳарбийларга эътибор бугун ёки кеча пайдо бўлгани йўқ. Бундай ғамхўрлик мустақилликка эришилгандан буён мавжуд.
XS
SM
MD
LG