Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:56

“Интерньюс-Тошкент” яна судлашяпти


30 август куни Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари суди апелляция ҳайъати “Интерньюс” нодавлат ташкилотининг ёпилиши борасидаги суд қарори юзасидан киритилган апелляция шикоятини кўриб чиқишга киришди.

Апелляция шикояти ННТ директори Холида Анорбоева томонидан берилган. Суд мажлиси томонлар фикрларини эшитиш билан бошланди. “Интерньюс” адвокати Лобар Зуннунова ташкилотни ёпиш тўғрисидаги қарор асоссиз экани, ўтказилган суд жараёнида Жиноят-процессуал кодексининг бир неча моддалари бузилганини таъкидлади.

Унинг айтишича, ташкилот ишини текширган Тошкент шаҳри адлия бошқармаси, асосан, Х.Анорбоеванинг “Интерньюс” директори бўлиш билан бирга “Интерньюс Нетворк” ташкилоти ваколатхонасида ижрочи директор лавозимида ўриндошлик асосида ишлагани ноқонуний эканига урғу берган.

“Лекин, - адвокатнинг фикрича, - ННТ бундай кичик камчиликлар учун эмас, балки жиддий молиявий камчиликлар учун тугатилиши мумкин. Ваҳоланки, адлия бошқармаси 2001-2003 йиллар давомида ташкилот ишини бир неча бор текширган, аммо ҳеч қандай молиявий камчилик топмаган”.

Адвокатнинг билдиришича, ўтган суд жараёнида бошқарма ташкилот рамзи рўйхатдан ўтказилмаганини ҳам важ қилган. Бироқ ҳисоб рақами музлатиб қўйилган ўша пайтда ташкилот рамзни рўйхатга олиш учун пул ўтказа олмасди.

Шаҳар адлия бошқармаси вакили сифатида судда қатнашган Ҳусан Саидов эса ННТни ёпиш тўғрисидаги қарор асосли эканини қайд этди.

Судья томонларнинг фикрларини тинглаб бўлгач, 9 сентябргача танаффус эълон қилди.

Суд мажлисидан сўнг ННТ директори Х.Анорбоева “Озодлик” радиосига интервью берди. Х.Анорбоеванинг эътирофича, ўриндошлик асосида икки жойда ишлаш амалдаги қонунчиликка зид эмас. Қолаверса, у “Интерньюс-Нетворк”да ижрочи директор бўлгани билан ваколатхона раҳбарига бўйсунувчи ходим сифатида ишлаган.

Х.Анорбоеванинг даъвосича, ташкилотни ёпиш тўғрисида адлия бошқармаси топган важлар бир баҳона, холос. Аслида унинг ёпилишига ташкилотнинг маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан иш олиб боргани сабабдир.
XS
SM
MD
LG