Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:29

Ҳуқуқ ҳимоячиси аёвсиз калтакланди


“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жалолқудуқ тумани бўлими раҳбари Улуғбек Бакиров 8 сентябрь куни Тошкентга кетаётганида йўлда номаълум кишилар томонидан машинидан туширилиб, аёвсиз калтакланди.

У.Бакировнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, у “Freedom house” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхони ўтказадиган семинарда қатнашиш учун йўлга тушганди. Андижон шаҳрида “Нексия” русумли таксига ўтираётганида орқасидан кузатилаётганини сезиб қолган. Бу ҳақда ваколатхонага телефон орқали хабар қилган.

“Андижон шаҳридан чиқаверишда, Олтинкўлга буриладиган жойдан 100-150 метр нарида йўл патруль хизматининг 36-пости бор. Машинамиз постга етишига 200 метрча қолганида бизни оқ рангли “Тико” автомобили қувиб ўтди ва тўхташ ишорасини қилди. Номери йўқ эди. Машинамиз тўхтагач, “Тико”дан тушган уч киши мени тушириб олиб, роса калтаклади. Улар менга йўқ айбларни тўнкади”, - деди У.Бакиров.

У.Бакиров номаълум шахслар унинг сумкасини, мобиль телефонини, паспорти ва “Эзгулик” жамиятига тегишли ҳужжатларни олиб кетганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, шу яқинда жойлашган постдаги милиция ходимларига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Лекин улар ҳеч қандай амалий ёрдам кўрсатмаган. Шундан сўнг у йўловчи машинада Андижон шаҳрига етиб олган.

У.Бакировнинг уюштирилган ҳужум ҳақидаги аризасини “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг Жалолқудуқ тумани бўлими раиси Шокиржон Мўминжонов 9 сентябрь куни Андижон ички ишлар бошқармасига топширди.

Ш.Мўминжоновнинг таъкидлашича, ҳозир У.Бакировнинг аҳволи анча оғир. У кўкрак қафасининг ички қисми қаттиқ оғриётганидан шикоят қиляпти.

Ш.Мўминжонов У.Бакировга илгари ҳам шундай ҳужум бўлганини маълум қилди.

У.Бакиров ўзининг калтакланиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолияти билан боғлиқлигини, воқеа атайин уюштирилганини айтмоқда.

Андижон ИИБдан мазкур воқеа юзасидан жиноят иши очилган-очилмагани тўғрисида маълумот олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG