Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:49

Чегарачиларнинг “тешиги”дан пул берган одам ўтаверади


Маълумотларга кўра, сўнгги вақтларда Қозоғистон давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтувчилар сони кескин кўпайиб боряпти. Чегара бузувчиларнинг аксарияти Ўзбекистон фуқароларидир.

Жанубий Қозоғистон полиция маҳкамалари маълумотига кўра, биргина ўтган ҳафтада Қозоғистон давлат чегарасидан ноқонуний ўтаётган 109 шахс ушланган бўлиб, уларнинг кўпчилиги ўзбекистонликдир. Жорий йил бошидан буён эса Жанубий Қозоғистонда миграция қонунчилигини бузгани учун 3 мингдан зиёд шахс қўлга олинган.

Кузатувчилар полициячилар келтирган рақамлар аслида бир неча баробар кўп бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Тошкент яқинидаги “Ғишткўприк” чегара постидаги вазият кузатувчиларнинг тахминлари тўғрилигини кўрсатади. Бир қараганда бу ердан ҳеч ким ноқонуний ўта олмайдигандек таассурот уйғонади. Аммо яхшилаб кузатилса, пост олдида чегарадан айланма йўллар орқали ноқонуний ўтказиб қўйиш билан шуғулланувчи шахслар очиқчасига фаолият кўрсатаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Пули тўланса бас, улар хоҳлаган одамни ёки хоҳлаган юкни чегаранинг натиги томонига ноқонуний йўл билан олиб ўтишга кафолат беради.

Асли туркистонлик Шалбой исмли шахснинг айтишича, у 2 йилдан буён одамларни чегарадан яширинча йўл билан ўтказиб қўйиш билан шуғулланади.

Яширинча йўл деганда божхона постининг шундоқ ёнидан айланиб ўтиш тушунилади. Пост атрофидаги бетон девордан махсус тешик очилган. Тешикнинг бир томонида ўзбекистонлик, бошқа томонида қозоғистонлик чегарачилар туради. Ҳар икки томон чегарачиларига маълум миқдорда пора берилгач, тешикдан бемалол эмаклаб ўтиш мумкин.

Шалбой ўзбек чегарачилари билан келишиш осонлиги, аммо қозоқ аскарлари кўп пул сўрашини билдирди.

“Бир кунда ўзим ўндан ортиқ одамни чегарадан шу йўл билан ўтказиб қўяман”, - дейди Шалбой.

Божхона пости атрофида Шалбой сингари иш билан шуғулланувчи элликка яқин шахс бор. Бу эса юзлаб одам чегарадан ноқонуний ўтишини билдиради.

Чимкент полицияси томонидан яқинда ўтказилган махсус тадбир давомида Жанубий Қозоғистонда ноқонуний яшаётган чет эллик 700 дан ортиқ фуқаро аниқланди. Уларнинг кўпчилиги юртига қайтариб юборилди.

Андижонлик 42 ёшли Анвар Ҳасановнинг сўзларига кўра, у пул ишлаш илинжида ўтган йили Қозоғистонга яширин йўл билан ўтган. Яна озроқ пул ишлагач, қозоқ полициячилари қўлига тушиб қолмасдан уйига кетмоқчи.
XS
SM
MD
LG